30.09.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят Кенгашига Дўстлик тумани, Дўстлик пахта тозалаш акциядорлик жамиятида ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда бахтсиз ҳодисага учраган 2 нафар ва касб касалликларига чалинган 6 нафар, жами 8 нафар ходимларга соғлиғига етказилган зарар пулларини жамият иш берувчиси томонидан тўлаб берилмаётганлиги ва ушбу соғлиғига етказилган зарар пулларини қайта ҳисоб-китоб қилиб, ундириб беришлик юзасидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаат Жиззах вилоят Кенгаши Меҳнат инспекциясининг меҳнат техник инспектори И.Жаббров ва меҳнат муҳофазаси хизмати етакчи мутахассиси А.Бурханов томонидан жойида ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра ҳақиқатдан ҳам Дўстлик пахта тозалаш АЖ иш берувчиси томонидан соғлиғига етказилган зарар пуллари 2 нафар меҳнатда майибланган ва 6 нафар касб касалликларига чалинган ходимларга 2021 йилнинг март ойидан 2021 йилнинг сентябрь ойигача бўлган давр учун тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Дўстлик пахта тозалаш АЖ раиси номига 7 кун муддат ичида жабрланувчиларга етказилган зарар пулларини тўлаб беришлик тўғрисида Тақдимнома киритилди.
Бунинг натижасида 2021 йилнинг 14 сентябрь куни 8 нафар жабрланувчига жами 26 миллион 305 минг сўм ундириб берилди.
Шу билан бир қаторда АЖдаги қолган 12 нафар меҳнатда майибланган ходимга ҳам 26 миллион 957 минг сўм миқдоридаги соғлиғига етказилган зарар пуллари ундириб берилди.
Сирасини айтганда, касаба уюшмалари аралашуви билан жами 20 нафар ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, 53 миллион 262 минг сўм миқдоридаги соғлиғига етказилган зарар пуллари ундириб берилишига эришилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати