30.09.2021. Ишсизликни камайтириш, меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларга сифатли хизматлар кўрсатиш, норасмий банд бўлганларни расмий меҳнат муносабатларига жалб этиш, вақтинча ишсиз бўлган ёшлар ва аёлларни касбга тайёрлаш ҳамда қайта ўқитиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бугунги даврнинг асосий талабларидан биридир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 11 ноябрда бўлиб ўтган VIII Қурултойида ҳам 2021 йилда “Мустақилликнинг ўттиз йиллигига – ўттизта янги иш ўрни”ни яратиш ташаббуси илгари сурилган эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси билан ҳамкорликда янги иш ўринлари яратишнинг манзилли дастури ишлаб чиқилиб, 30 иш ўрнига мўлжалланган тикувчилик цехини ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу хайрли ишни Бухоро вилояти Когон туманининг чўл зонасида жойлашган “Бухоро минтақавий темир йўл узели”га қарашли саноат ишлаб чиқариш мажмуаси негизида амалга оширишга келишилди.
Мазкур ҳудудда 2019 йилдан буён аввало соҳа эҳтиёжи учун, қолаверса, аҳоли талабини қондириш мақсадида бурусчатка, ғишт блоклари, тиканли сим каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Махсус кийим-бош тикишга йўналтирилган тикувчилик цехи эса тўртинчи йўналиш сифатида ташкил этилди. Қисқа муддатларда қуриб битказилган бинода ишчилар учун барча шарт-шароитлар мухайё этилди. “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасида ташкил этилган ушбу цехга Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “JACK” тикув машиналари ва ускуналари ҳарид қилинди. Мазкур янги цехни ишга туцшириш учун Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Бухоро минтақавий темир йўл узели ҳудудий касаба уюшма қўмитаси томонидан жами 121 млн сўм маблағ йўналтирилди.
Ва ниҳоят, Иистиқлолимизнинг 30 йиллик тўйига тўёна сифатида 30 кишига мўлжалланган тикувчилик цехининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурори Маъруфхон Ходжаев, “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси раҳбари Алижон Эргашев, Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Розиметов, фахрийлар ҳамда ушбу бино қурилишида хизмат қилган темирйўлчилар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги 5 йилда олиб борилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони халқимизга хизмат қилиш, юртдошларимизни бу ҳаётдан рози бўлиши учун уларнинг турмушини фаровон қилиш эканлигини алоҳида таъкидладилар.
– Мамлакатимиз ҳаётида содир бўлаётган тарихий ўзгаришларга темирйўлчилар ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани, шу соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир мутахассисга ғурур ва ифтихор бағишлайди, – деди М.Розиметов. – “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори билан ўтаётган ҳар бир кунимиз бунёдкорликларга бой бўлмоқда. Ташкил этилган янги тикув цехида 30 нафар хотин-қиз ўз иш ўрнига эга бўлди. Биз келгусида республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги иш ўринларини яратишга, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳаётини янада яхшилашга катта эътибор қаратамиз.
Ишга қабул қилинган 30 нафар ишчилар доимий иш билан таъминланиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида касаба уюшмасига аъзоликка ҳам қабул қилиндилар.
Бундан ташқари, янги цехнинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда “Бухоро минтақавий темир йўл узели” УКнинг йил самарали меҳнат қилган, ушбу тикувчилик цехини барпо этишга муносиб ҳисса қўшган, ташаббускор ва ташкилотчи, шунингдек, жамоат ишларида фаол иштирок этган 100 нафар ишчи-ходимлари ҳам Бухоро минтақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Яхши ниятлар билан очилган ушбу тикувчилик цехидаги режалар бисёр. Хусусан, ушбу маскан Мустақиллигимизнинг кейинги шонли саналарида улкан натижалари билан, маҳсулотларининг сифати ва харидоргирлиги билан Республикадаги энг яхши тикувчилик цехлари қаторидан жой олса не ажаб.
Назокат Нурматова
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Меҳнаткашлар ижтимоий –иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими йўриқчиси