12.01.2022. Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида бундан тўрт йилча бурун «Ёшлар маркази» барпо этилармиш» деган хушхабарни эшитиб, кўпчилик хурсанд бўлган эди. Оқчопсой, Урганжи, Тоз каби қишлоқлар ёшлари бу ерга келиб, қурилишни бирров кўриб кетишгани ҳам бор гап. Бироқ ҳозирга қадар, Самарқандда қад ростлаган ўнлаб 16 ва 25 қаватли уйлар фойдаланишга топширилса-да, Қўшработдаги бир қаватли «Ёшлар маркази» битмади.
Ҳолбуки, Президентимиз Самарқандда бўлганида чекка Нуробод, Пахтачи, Қўшработ туманларида замонавий «Ёшлар марказ»ларини қуриш, бир йил ичида ёшларнинг интеллектуал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқ берган эди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгашининг 2019 йил 6 февралдаги хати асосида эса туман марказидаги «Мустақиллик» маҳалласи ҳудудидан янги иншоот учун 9 сотих ер ажратилган. Бунёдкорлик учун сарфланадиган 2 миллиард 775 миллион сўмнинг 1 миллиард 250 миллион сўми маҳаллий буюджетдан қопланадиган, қолган қисми ёшлар ташкилоти ҳисобидан тўланадиган бўлган. Туман ҳокимлиги хайрли ишлар учун мўлжалланган маблағни ўз вақтида ўтказиб берган. Ишончли қурувчини эса Ўзбекистон ёшлар ташкилоти топган. Аниқроғи, кўп ўтмай Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган «Nurobod cоmment» МЧЖ мазкур лойиҳани тендерда ютгани маълум бўлди. Режага мувофиқ, қурилиш 2019 йил аввалида бошланиб, шу йилнинг ўзидаёқ якунланиши керак эди. Бироқ, орадан уч йил ўтган бўлса-да, бу борадаги ишлар ҳамон давом этмоқда.
– Аслида бундай марказ ҳудуд ёшлари учун сув билан ҳаводек зарур, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўшработ тумани кенгаши раиси Абдуҳамид Тўхтаров. – Акс ҳолда, улар бўш вақтларини қаерда ўтказишни ва қандай фойдали юмуш билан шуғулланишни билолмай, жуда қийналишади. Афсуски, бошланган хайрли ишнинг аччиқ ичакдек чўзилаётгани кўпчиликнинг ҳафсалани пир қилмоқда.
Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб «Ёшлар маркази» қурилишидан манфаатдор бўлган туман ҳокимлиги вакиллари билан мулоқотда бўлдик. Айтишларича, уч йилдан буён гоҳ бир кўриниб, гоҳида ойлаб қорасини кўрсатмайдиган қурувчилардан улар ҳам зада бўлишибди. Ҳокимликнинг ёшлар ишларига мутасадди раҳбарлари бу ҳақда ёзавериб, қўллари қаварибди.
Сўнгра ҳануз қурилиши битмаган «Ёшлар марказ»ининг янги биноси билан танишдик. Омадимиз чопганини қарангки, шу куни қурувчилар ҳам бу ерга бирров келишган экан. Инчунин, биз ҳокимиятга тутқич бермай юрган «Nurobod cоmment» МЧЖ раҳбари Шавкат Сотволдиевга рўбарў келдик. Биргалашиб, бинони кўздан кечирдик. Унинг сирти битса-да, ичкарисида ҳали бир дунё иш бор экан. Устига-устак, ҳеч ким йўқлигида кимлардир бино ойналарини синдириб, иссиқлик батареяларини таг-туги билан қўпориб олиб кетибди.
– Қурилиш бунчалик чўзилишининг сабаби нимада, – деб сўрадик МЧЖ раҳбаридан.
– Ёшлар ташкилоти пулларни вақтида ўтказиб бермади, – дея каловланди у. – Бундан ташқари, пандемия ҳам ишимизга тўғаноқ бўлди… Энди, Худо хоҳласа, иншоотни ўн кунда топширамиз.
– Қурилишга ажратилган маблағнинг қанчаси ўтказиб берилмаган?
– Салкам уч юз миллион сўми.
Албатта, биз ҳисобчи ёки қурувчи эмасмиз. Шунга қарамай, объектдаги ҳақиқий аҳвол билан танишиб, марказни рисоладагидек қуриб битказиш учун ҳали анча вақт ва маблағ зарурлигини англадик..
Қурувчилар сардори иншоотни яқин орада фойдаланишга топширишга сўз берди. Қани, бир оз кутайлик-чи, у ваъдасига вафо қилармикин?..
Нурилла Шамсиев