18.01.2022.Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори томонидан 2021 йил давомида тизим ходимларининг мурожаатлари асосида судларга бир нечта даъво-ариза киритилди. Натижада 238 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига жами 1 миллиард 515 миллион 720 минг сўм миқдорида пул маблағлари ундириб берилди.
Меҳнат ҳуқуқи инспектори Зулхандер Даулетовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги тегишли қарорига асосан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш объектларида ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ходимларга махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унда бундай шароитларда меҳнат қилаётганларга, ишлаган даври учун иш юкламаларини инобатга олган ҳолда, уларнинг тариф ставкаларига 200 фоиз миқдорида, шунингдек, анестезиолог-реаниматолог врачларга 1,2 коэффициентга оширилган ҳолда махсус устамалар тўлаб берилиши белгилаб қўйилган. Бироқ Чимбой тумани тиббиёт бирлашмасининг ана шундай жараёнда фаол қатнашган 168 нафар ходимига 2020 йил 20 августдан 24 ноябргача бўлган давр оралиғидаги меҳнатлари учун рағбатлантириш тўловлари амалга оширилмаган. Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг бултур сентябрь ойидаги ҳал қилув қарорига мувофиқ, уларга жами 1 миллиард 478 миллион сўмлик махсус рағбатлантириш пуллари тўлиқ тўланган.
Шунингдек, меҳнат ҳуқуқи инспектори аралашуви натижасида айни соҳадаги турли хил бошқа тўловларга боғлиқ муаммолар ҳам ижобий ечим топди.
2021 йил давомида 26 та ташкилотга юборилган кўрсатмаларга биноан тиббиёт ходимларига жами 324 миллион 492 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилди.
Есимхон Қаноатов