07.02.2022. Бугун касаба уюшмалари тизимида ҳар қачонгидан кўра тиғиз фаолият юритилаётир. Буни зиммадаги вазифалар кўламидан ва унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар салмоғидан ҳам англаш мумкин. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши томонидан халқимиз ҳаётини фаровонлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар, инсон омили доирасида ташланган қадамлар оғир пандемия шароитига қарамасдан, кўпчиликнинг эътиборини тортаётгани ҳам бежиз эмас.
Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури ижросини таъминлаш борасида эришилган натижалар кенг муҳокама ва эътирофларга сабаб бўлди.
Юртдошларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, даромадларини босқичма-босқич ошириб бориш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ўтказилган маънавий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларида касаба уюшмаларига аъзо бўлмаган навоийликлар ҳам бевосита иштирок этдилар. Бу давлат дастурларини ҳаётга татбиқ этиш масаласи умумхалқ ҳаракатига айланганининг ўзига хос тасдиғи ҳамдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг «Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришга кўмаклашиш тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ҳар ҳафтанинг жума, шанба кунлари вилоят кенгаши ишчи ходимлари ҳамда тизимнинг қуйи поғоналари вакиллари учун спорт кунлари дея эълон қилинди. Футбол, волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, стол тенниси, енгил атлетика мусобақалари ҳафтанинг ҳар икки куни давомида узлуксиз ўтказиб келинди. Шунингдек, вилоят миқёсида ички туризмни ривожлантирш мақсадида турли соҳаларда меҳнат қилаётган замондошларимизнинг мингдан ортиғи ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизнинг аксарияти Навоий, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хоразм, Қарши, Термиз шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди. Бунда, касаба уюшмаларининг маблағлари ва бошқа имкониятларидан фойдаланилди.
Айни паллада Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимиз миқёсида ёшлар тарбиясига, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мана шу эзгу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Навоий давлат педагогика ва Навоий кончилик институтларининг битирувчи талабалари, касаба уюшмалари тизими фаоллари ва йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг раҳбарлари иштирокида ташкил қилинган амалий семинар ва анжуманларда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар. Айниқса, ёшларнинг «Zarafshon Golden Group», «Eksport Fish Product» ва «Garden Hous Group» сингари йирик ишлаб чиқариш корхоналарига уюштирилган саёҳатлари, мазкур корхоналар мутасаддиларининг иш жараёнлари билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари шахсий ҳаётга қадам ташлаш арафасида турган авлодлар қалбида ўчмас таассурот қолдирди. Учрашувлар давомида ёш авлод вакилларининг бир неча юз нафари ушбу нуфузли объектларда ишлаш истаги борлигини билдиргани саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаётганлигининг бир белгиси, десак асло муболаға бўлмайди.
«Саломатлик – туман бойлик» деб бежиз айтилмайди. Зеро, соғ одамнинг дунёқараши ҳам ўзгача бўлади. Бунга касаба уюшмалари тизимининг ёш ходимлари иштирокида «Касаба уюшмаси кубоги» мини-футбол мусобақалари асносида яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Қизғин кечган баҳслар натижаларига кўра, «Қизилқумцемент» АЖ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар «Ўзбектелеком» АК ҳамда «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ жамоаларига насиб этди.
Шуни алоҳида мамнуният билан таъкидлаш лозимки, 2021 йилда «Офтобжон», «Ишонч», «Нимкон», «Дўстлик», «Шабода», «Сармиш», «Сўғдиёна», «Болажон», «Келажак», «Паҳлавон», «Зарафшон» сингари болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 10 мингга яқин ўғил-қизлар ёз мавсумида мириқиб дам олдилар. Бунда, албатта, «Аёллар дафтари»га, «Темир дафтар» ҳамда «Ёшлар дафтари» га киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар қатламига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йили турли сана ва байрамлар доирасида яна бир қанча ижобий ишлар ҳам амалга оширилдики, бунинг натижаси ўлароқ, касаба уюшмалари аҳолининг энг қуйи қатлами орасигача бевосита кириб борди. Тизим аъзолари сони аввалги йиллардагига нисбатан анчага кўпайди. Инсон омили ҳамда ҳаёт фаровонлиги билан боғлиқ самарали ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.
Нафиса Ҳабибуллаева
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси