2009 йилда Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган эди. Ўшандан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олган эди.
«Сўнгги 12 йил давомида юзлаб компанияларни ўзбек пахтасидан воз кечишга ундаганимиздан сўнг, биз Ўзбекистон пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини бекор қилиш вақти келганини эълон қилишдан мамнунмиз, — деди Responsible Sourcing Network бош директори ва Cotton Campaign асосчиларидан бири Патрисия Юревич. — Энди компаниялар ўзлари меҳнат ҳуқуқларига амал қилинишини баҳолашлари ва Ўзбекистондан пахта сотиб олиш бўйича қарор қабул қилишлари керак».
Қайд этилишича, Ўзбекистон янги замонавий жиҳозлар билан таъминланган корхоналар орқали, маҳсулот ишлаб чиқариш занжирида шаффофлик ва кузатувни таклиф қилувчи пахта-тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш учун жозибадор мамлакатга айланиш салоҳиятига эга.
Шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мониторинг қилиш, шикоятлар йўллаш ва қоидабузарликларни бартараф этиш учун ишончли ва мустақил механизмлар мавжудлигини таъминлаш зарур ҳисобланади.
«Биз Президент Мирзиёевнинг давлат томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Ўзбекистон пахта секторини ислоҳ қилиш учун зарур бўлган тарихий ислоҳотлар ташаббуси ва амалга оширишдаги раҳбариятини юқори баҳолаймиз, — деди Cotton Campaign асосчиларидан бири, АҚШ давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчиси собиқ ўринбосари Беннет Фриман. — Энди биз Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти учун майдон очишга ва глобал брендларни жалб қиладиган ҳамда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қулай муҳитни яратишга чақирамиз».
Cotton Campaign инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва ритейлерлар, масъулиятли инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг глобал коалициясидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилган эди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий равишда ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
Маълумот ўрнида айтиб утиш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича 2013 йилдан бери миллий мониторингни амалга ошириб келди. Шунингдек кенг жамоатчиликнинг, хусусан, иш берувчилар, турли соха ходимлари, айниқса, бюджет ташкилотларида ишловчилар, ота-оналар, талаба ва ўқувчиларнинг миллий ва ҳалқаро меҳнат стандартларидан хабардорлигини ошириш мақсадида тизимли равишда махсус ўқув семинарларини ташкил этди ҳамда ахборот тушунтириш ишларини утказиб келди. Хар йили Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг техник кўмагида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик буйича Узбекистон конунчилиги, касаба уюшмаларининг Ишонч телефонлари, Юридик клиникаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган банерлар, плакатлар ва флаерлар тайёрлаб, республикамиз худудларидаги аҳоли гавжум жойларга, корхона ташкилот ва муассасларга ўрнатилди ҳамда турли соха ходимларига тарқатилди. Шунингдек, мавзуга оид киска метражли видеороликлар тайерланиб, марказий ва махаллий телеканаллар оркали эфирга берилди.
Фото: Уза