[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.04.2022. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг 69-мақсади Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш бўлимининг 2 та банди, хусусан, 253- ва 254-бандларида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамижрочи сифатида белгиланган.

Давлат дастурининг 69-мақсади, 253-бандида Хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш вазифаси белгиланган бўлиб, мазкур банд ижроси юзасидан 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш, муаммоларини ҳал этиш ва эҳтиёжларини қаноатлантириш бўйича Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Давлат дастурининг 254-бандида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш вазифаси белгиланган бўлиб, ушбу банд ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари ва касаба уюшмалари ҳамда вазирлик ва идоралар вакилларидан таркиб топган Ишчи гуруҳи тузилиб, “Аёллар дафтари” бўйича Вақтинчалик тартиб такомиллаштирилди ҳамда доимий тусга эга бўлган Низом ва “Аёллар дафтари” жамғармаси Низоми лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарори билан тасдиқланди.

Давлат дастури бажарилишида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2022 йил 7 февралдаги 6-44 “с”-сонли қарори билан                    “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича Касаба уюшмалари Федерациясининг дастури” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.   

Касаба уюшмалари Федерацияси Дастурида Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларни, пенсионерларни ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2022 йилнинг 1-чораги давомида  пенсия ёшидаги шахслар ҳамда корхоналарнинг собиқ ходимларидан 18 минг 279 нафарига жами 12 млрд.        416,8 млн. сўмлик миқдордаги турли кўринишдаги моддий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди. 2 минг 227 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. 1 минг 389 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш ҳаражатлари қисман қопланди. 575 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 871 нафар ёш болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтаси 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш жорий этилди. Ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 1 млрд 212,5 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, 5 минг 830 та корхонада 13 минг 582 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди.

329 та корхонада олий ўқув юртларида тахсил олаётган 607 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилди. 189 та корхонада 377 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун  фоизсиз  cсудалар ажратилди. 132 та корхонада   367 нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссуда берилди. Мазкур ишларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 9 млрд. 441,2 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Наврўз умумхалқ байрами арафасида республикамиз ҳудудларидаги 11 та “Мурувват” ва “Саховат” уйида яшовчилар ҳолидан хабар олинди ва уларга жами 93,6 млн. сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди.

2022 йилнинг биринчи чорагида касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 минг 62 та, шундан 552 та ёзма, 155 та оғзаки, 301 та интернет тармоғи орқали электрон шаклда ҳамда 54 та “Ишонч телефонлари” орқали мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 218 таси қаноатлантирилди, 513 та мурожаат бўйича муаллифларга тушунтириш берилди. 29 та мурожаат рад этилган, ёзма шаклдаги    2 та мурожаат аноним деб топилиб, 15 та мурожаат Низом талабларига мувофиқ кўрилмай қолдирилди.

Касаба уюшмаларига йўлланган, лекин мазмун жиҳатидан кўриб чиқиш касаба уюшмалари ваколатига кирмайдиган масалалар акс эттирилган 57 та мурожаат муаллифлари хабардор қилинган ҳолда ваколатли органларга юборилди.

Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 877 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 744 млн. 593 минг сўм миқдоридаги пул маблағлар ундирилишига эришилди.

Шунингдек, ходимларнинг поймол этилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 4 та тақдимноманинг 3 таси қаноатлантирилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди.

2022 йилнинг 1-чораги давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “1211 ишонч телефони”га жами 109 931 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларда кўтарилган муаммолар билан жойида танишиб чиқилиб, уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш учун жами мурожаатлар тегишлилигича вазирлик, идора ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига йўналтирилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Тизимдаги санаторийларда 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан 45 нафари давлат бюджетидан бепул даволанди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган пенсионерлар, шунингдек касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналаридан 1 минг       237 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди. Бунга касаба уюшмалари маблағидан 3 млрд. 831,5 млн. сўм сарфланди.

Ишлайдиган кексалардан 66 нафари, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшовчи оилаларнинг 60 нафар аёллари, фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг 58 нафар ишлайдиган аъзолари, тиббиёт муассасалари ходимларидан 13 нафари ва таълим соҳаси ходимларидан     1 минг 789 нафари бепул соғломлаштирилди. Бунга жами 4 млрд. 610,9 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида санаторий ва дам олиш уйи, Тошкент вилоятининг  Паркент тумани “Заркент” қишлоғида санаторий, “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси”да сузиш хавзаси қуриш, жиҳозлаш ишларига 16,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

2022 йилнинг 1-чорагида жами 59 минг 666 нафар меҳнаткаш ва улар оила аъзоларининг мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўз ҳудудларидаги тарихий қадамжоларга, диққатга сазовор масканларга саёҳатлари уюштирилди. Ушбу мақсадлар учун жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 5 млрд. 616,0 млн. сўм маблағ сарфланди.

Ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш, улар маънавиятини юксалтириш, бой маданиятимиз ва тарихий меросимиз билан яқиндан таништириш мақсадида жами 70 минг 250 нафар ходимнинг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришлари учун маданият муассасаларига ташрифлари ташкил этилди. Шу жумладан, меҳнаткашлардан 37 минг 64 нафарининг концерт дастурларига,            25 минг 604 нафарининг театрларга, 614 нафарининг кинотеатрларга,                   680 нафарининг истироҳат боғларига, 365 нафарининг цирк томошаларига ва           5 минг 923 нафарининг музейларга ташрифлари амалга оширилди.

Ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 2 млрд. 417,0 млн. сўм (шундан, 2 млрд. 144,4 млн.сўм касаба уюшмалари, 272,6 млн.сўм иш берувчилар) маблағ йўналтирилди.

2022 йилнинг февраль-март ойларида Темурбеклар мактаблари ва “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейининг 1-2-курс ўқувчилари ўртасида “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” мавзусидаги иншолар танлови ўтказилди. Танловнинг республика босқичида 33 нафар ўқувчи иштирок этди. Иштирокчилар ва ғолиблар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тақдирландилар.

Меҳнат жамоаларида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича қабул қилинган Давлат дастурининг мақсад ва моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Маърифат соатлари”, давра суҳбатлари ва махсус маърузалар ташкил қилинди.

Давлат дастури асосида шакллантирилган Касаба уюшмалари Федерациясининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастури ижроси учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағларидан жами 56 млрд. 253 млн. сўм (касаба уюшмалари маблағларидан 34 млрд. 267,3 млн. сўм, иш берувчилар маблағларидан 21 млрд. 985,7 млн. сўм) маблағ йўналтирилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари