25.04.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни олдидан Самарқанд вилоятида “Меҳнат муҳофазасининг ижобий маданиятини биргаликда шакллантирамиз” шиори остида худудий семинар ўтказилди.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан 2003 йилдан буён 28 апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам иш жойида жароҳатланиш ҳолатлари ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Федерация томонидан жорий йилда ташкил этилган тадбирда асосий эътибор бутун дунё хамжамияти учун долзарб масала бўлган иш жойларида содир бўладиган бахтсиз ходисалари, касб касалликларига чалиниш ҳолатларининг олдини олиш ва меҳнат муҳофазаси борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришга қаратилди.
Қайд этиб ўтиш жоизки, ривожланаётган давлатларда бахтсиз ходиса ва касб касалликлари кўпчилик холларда иқтисодиётнинг бошланғич секторида, яъни қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, қурилиш, ўрмон ва кончилик соҳаларида содир бўлмоқда. Ходимлар билим даражасининг етарли эмаслиги, меҳнатнинг хавфсиз усул ва услубларига ўқитилмаганлиги, ёнғин, хавфли моддалар билан нотўғри мулоқот, шунингдек, норасмий иқтисодиёт салбий кўрсатгичларнинг ошишига олиб келувчи омилдир.
Минтақавий семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши меҳнат муҳофазаси соҳасида иш берувчилар ва ходимлар масъулиятини ошириш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини такомиллаштиришда муҳим омил бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш жойида ходимлар руҳиятига таъсир этувчи омилларни бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришларини таъминлаш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Минтақавий семинар давомида иштирокчиларга меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш тартиблари бўйича янги қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунчалар берилди. Корхоналарда ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга ошириш ишларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг намунали ташкил этилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбир доирасида семинар иштирокчилари меҳнат муҳофазасини таъминлаш йўналишидаги ишлар, ходимлар учун тайёрланаётган махсус кийим бош, шахсий ҳимоя воситалари намуналари ўрин олган кўргазма билан танишдилар.
Давра суҳбати якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари