[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.04.2022. Ўзбекистоннинг етакчи саноат корхоналаридан бири бўлган “КVARTS” акциядорлик жамияти листланган ойна, шиша банка, бутилка, автомобил саноати учун ойна ва ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқарувчи мамлакатимиздаги йирик корхона ҳисобланади.

Жамиятнинг 2017-2021 йиллар учун Стратегик ривожланиш дастурига асосан корхонада ишлаб чиқаришни фаол модернизация қилиш, энерготежамкор линияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ва акциядорлар даромадини ошириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилган.

“КVARTS” АЖнинг устунлиги унинг доимий равишда бозор талабидан келиб чиқиб, маҳсулот ассортиментини кўпайтириш, унинг сифатини жаҳон бозоридаги рақобатбардошлик даражасида оширишга интилишидадир.

Таъкидлаш зарурки, 2016 йил сентябридан бошлаб маҳсулот таркибидаги хом ашё тўлиқ маҳаллийлаштирилиб, импортга боғлиқлик бартараф қилинган бўлса, 2017 йилда янги – бадиий безак берилган тобланган ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Корхонада ривожланиш ва жаҳон бозорига чиқишнинг асоси бўлган маҳсулот сифатини бошқариш тизимига катта эътибор берилади. Жамият томонидан ISO 50001-2011, ISO 9001:2015 ва бошқа сифат бошқаруви тизимининг халқаро сертификатлари олинган.

“КVARTS” АЖда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш масаласига ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, корхона маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида Жамоа шартномаси имзоланган бўлиб, унда ходимларнинг манфаатларига тааллуқли бўлган қатор имтиёз ва кафолотлар ўрин олган.

Куни кеча “КVARTS” акциядорлик жамиятида 2019-2021 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг ўтган йилдаги ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда дастлаб “Кварц” АЖ бош директори А.Бўриев ва корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Хасановнинг йиғилиш кун тартибидаги масала бўйича ҳисоботлари тингланди.

Акциядорлик жамияти директори А.Бўриев томонидан таъкидланганидек, корхонанинг барча ходимлари иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги бўйича мажбурий суғурта қилинган бўлиб, ушбу мақсадга сарфланган маблағ 203 миллион 110 минг сўмни ташкил қилган.

Бугунги кунда корхонада 2540 нафар ходим меҳнат қилиб келмоқда. Ўтган йили Жамоа шартномаси асосида корхона томонидан ишчи-ходимларга, жумладан, 26 нафар ёш ходимга бир марталик моддий ёрдам берилган бўлиб, бунга 83 миллион 500 минг сўм маблағ сарфланган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун 24 та квоталаштирилган иш ўринлари яратилган.

Касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Хасановнинг ахборот беришича, жамиятда меҳнат қилаётган хотин-қизлар сони 752 нафарни ташкил этмоқда.  Шу боис Жамоа шартномасига хотин-қизлар манфаатлари ҳимоясига доир алоҳида бўлим киритилган бўлиб, аёллар учун талайгина имтиёзлар берилиши кафолатланган. Жумладан, 8 – март “Халқаро хотин-қизлар куни” байрамида хотин-қизлар иштирокида “Аёл борки олам мунаввар!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар уюштириш, бундай тадбирларда корхонада ишловчи хотин-қизларни эсдалик совғалари билан тақдирлаш, пул мукофотлари топшириш каби ишлар кўзда тутилган. Ўтган йили ана шундай тадбир доирасида корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар 405 миллион сўмлик пул мукофотлари билан рағбатлантирилдилар.

2021 йилда 61 нафар кўп болали ҳамда кам таъминланган, шунингдек, ишлаётган меҳнат фахрийлари корхона санаторийларида бепул соғломлаштирилди ва ушбу мақсадларга 68 млн сўм маблағ сарфланди.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблар руҳида ўтган йиғилиш ниҳоясида “Кварц” акциядорлик жамиятида жамоа шартномасининг 2021 йилда бажарилиши қониқарли деб баҳоланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати