[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.05.2022. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Кўҳинур» ҳамда Қибрай туманидаги «Умид гулшани» санаторийларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг бепул йўлланмалари асосида соғлиғини тиклаётган ҳамширалар билан учрашув ташкил этилди.

Мазкур сиҳатгоҳлар жаҳон талаб ларига жавоб берадиган тиббий муассасалар бўлиб, ҳамширалар яратилган имкониятлардан мамнун.

– Ўттиз уч йилдан бери шу касбда фаолият юритиб келаман, – дейди «Кўҳинур»да соғлиғини тиклаётган тошкентлик Мавлуда Азимова. – Саломатлигимни мустаҳкамлаш учун бундай имконият берилганидан беҳад хурсандман. Пандемия даврида вазият оғирлиги сабаб қийин шароитларда ишлашимга тўғри келди. Хизмат қилаётган давримда ўзим ҳам касалликни юқтириб олдим. Вирусдан соғайгач, қандли диабетга чалиндим. Бу ерда ушбу касалик оғриганлар учун ҳам алоҳида таомлар берилар экан. Кутубхона эса севимли масканимга айланди. Умуман, шароитлар аъло даражада.

26 йиллик иш стажига эга сирдарёлик Зубайда Саидова эса «Умид гулшани»да саломатлигини тиклаш имкониятига эга бўлганидан бахтиёр. Зубайда опа руҳий заиф хотин-қизлар даволанадиган шифо масканида ишлаши, бунинг ўзига хос машаққати борлиги, уларнинг ҳам кўнглини олиш, соғайишига кўмаклашиш ҳамширалардан катта масъулият, бардош талаб қилиши, санаторийдаги муолажалардан ҳам руҳий, ҳам жисмоний қувват олаётганини таъкидлади.

– Фарзандларим олий ўқув юртларида шартнома асосида таълим олишади, – дейди қорақалпоғис тонлик Гулхан Бекниязова. – Маошим уларнинг харажатларига кетади. «Аёллар дафтари»га киритилганман. Менга бу имтиёзли йўлланманинг берилиши камтар меҳнатимга, оғир шароитимга бўлган катта эътибор, имконият бўлди.

– Тиббиёт ходимлари беморлар соғлиғини тиклаш учун тиним билмайди, – дейди Санатор-курортлар бошқармаси Ўқув-услубий марказининг маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Маҳмуда Мурзаева. – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация си 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан шифо масканларимизда фаолият олиб бораётган 50 нафар фаол ҳамширага саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида бепул йўлланмалар ажратгани улар учун ўзига хос туҳфа бўлди.

Шаҳло Абдураҳманова