24.05.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги республика эсселар танлови ўтказилмоқда.
Мазкур танловдан кўзланган мақсад – ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашлар, буюк мақсадларга эга шахслар сифатида тарбиялаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва дахлдорлик фазилатларини қарор топтиришдир.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, Президентимиз ташаббуслари билан бугунги кунда бошқа қатор соҳаларда бўлгани каби олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларининг талаба-ёшлари турли инновацион лойиҳаларни амалга оширишда, фанлар бўйича республика ва халқаро танловларда ўз билим ва маҳоратларини намоён этмоқдалар.
Тўрт босқичда – факультет, олий таълим муассасаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида ўтказилаётган эсселар танлови ҳам иқтидорли, интилувчан, ижодкор талаба-ёшларни аниқлаш имконини берди.
Хусусан, танловнинг факультет, олий таълим муассасаси босқичларида сараланган ҳамда ҳудудий босқичда фахрли 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ғолиблар “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз” шиори остидаги эсселар таловининг Республика босқичида иштирок этмоқдалар.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан бўлган 42 нафар Республика босқичи иштирокчилари ҳамда уларнинг устозлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида тантанали равишда кутиб олиниб, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чинобод плаза” санаторийсига жойлаштирилди.
Танловнинг Республика босқичи доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастурига мувофиқ қуйи босқичлар ғолиблари бўлган талаба ёшлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан таништирилди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва Ёшлар парламенти вакиллари билан танлов иштирокчилари бўлган талабаларнинг мулоқоти бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов билан “Тараққиёт стратегияси – келажак учун мустаҳкам замин” мавзуида бўлиб ўтган учрашув ёшларда катта таассурот қолдириши билан бирга, қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, тадбирлар режасининг биринчи кунидан ўрин олган ушбу мулоқотлар талаба ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, улар мамлакатимиз Парламенти фаолиятига оид кўплаб саволларига жавоб олдилар.
Учрашувда ёшларга Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва унинг муҳим аҳамияти хусусида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, уларга миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақида тушунчалар берилиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг билим ва кўникмаларни янада юксалтириш, ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар, мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий, ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Мухаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари