[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.05.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остида ўтказилган Республика эсселар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган мазкур тадбирда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги республика эсселар танловининг ҳакамлар ҳайъати раиси Минҳожиддин Ҳожиматов, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан танловда иштирок этиб, Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган 42 нафар талаба ёшлар ва уларнинг устозлари, ота-оналари иштирок этдилар.

Шунингдек, ҳудудий студиялардан ҳудудлардаги касаба уюшмалари ва олий таълим муассасалари раҳбарлари,  профессор-ўқитувчилар, танловнинг қуйи босқичларида иштирок этган талабалар, уларнинг устозлари ва ота-оналари қатнашдилар.

Тантанали тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиков олиб борди.

– Бугунги кунда юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан бошқа соҳаларда бўлгани каби, олий таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, –  дея таъкидлади Қ.Рафиков ўз сўзида. – Бунинг натижасида Янги Ўзбекистон ёшларини замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар этиб тарбиялаш тизими такомиллаштирилиб, таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва модернизация қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланган талаба-ёшлар турли инновацион лойиҳаларни амалга ошириб, фанлар бўйича республика ва халқаро танловларда ўз билимларини намоён этмоқдалар. Таъкидлаш зарурки, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли оқимлар, бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши тура оладиган интеллектуал етук шахс даражасида тарбиялай олиш бугунги замонда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғоясини ўртага ташлагани ва уни миллатимиз ва давлатимиз учун ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтараётгани ҳам аслида мана шундай улуғ мақсадларни қамраб олган, десак янглишмаган бўламиз.

Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш тадбирида таъкидланганидек, ушбу ғояни амалга ошириш мақсадида бугун мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остида ўтказилган Республика эсселар танлови ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган.

Ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашлар, буюк мақсадларга эга шахслар сифатида тарбиялаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва уларда Ватан тақдирига дахлдорлик фазилатларини қарор топтириш мақсадларида ўтказилган мазкур танлов тўрт босқичда – факультет, олий таълим муассасаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида ташкил этилди. Ҳар бир босқич иқтидорли, интилувчан, ижодкор талаба-ёшларни аниқлаш имконини берди.

Хусусан, жорий йил 28 апрелдан 19 майгача танловнинг уч босқичи бўлиб ўтди. “Биз келажак бунёдкоримиз!”, Янги Ўзбекистон – янги мақсадлар”, “Янги Ўзбекистон менинг тасаввуримда” деб номланган ушбу босқичларда республикамиздаги 120 га яқин олий таълим муассасасининг 240 мингдан ортиқ талабалари иштирок этдилар. Жумладан, танловнинг биринчи – факультет босқичида  1,5 мингдан ортиқ талабалар ғолиб, деб топилиб, танловнинг иккинчи босқичига йўлланма олдилар. Учинчи, ҳал қилувчи босқичга 350 нафардан ортиқ талаба етиб келди. Ғолиблар орасида ўз ижодий ишларини ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилидан ташқари инглиз тилида ёзган ёшларнинг ҳам борлиги янада қувонарлидир. Танловнинг ҳудудий босқичида фахрли 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ғолиблар Республика босқичида иштирок этдилар.

Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, эсселар танлови мамлакатимизда кечаётган бугунги ўзгаришлар ва янгиланишлар ёшлар қалбида қандай акс этаётгани, улар Ватанимиз ва жамиятимизнинг эртанги кунини қандай тасаввур қилаётганлари, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадлар йўлидаги мақсадларини ҳам намоён этди. Яъни, ёшларимиз қаламига мансуб ижодий ишлар уларнинг Ватанимиз равнақи учун бор куч ва ғайратларини аямай ўқиш, изланиш ва меҳнат қилишга тайёр эканликларини, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек буюк ишларга дахлдорлик хиссига эга эканликларини кўрсатмоқда. Бундан кўриниб турибдики, бугун мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама камол топишлари учун яратиб берилаётган имкониятлар, амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда.

“Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остида ўтказилган эсселар танловининг Республика босқичи 24-27 май кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Шу ўринда таъкидлаш зарурки, танловнинг Республика босқичи доирасидаги тадбирлар ниҳоятда сермазмун бўлди. Аввало, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан бўлган 42 нафар Республика босқичи иштирокчилари ҳамда уларнинг устозлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида тантанали равишда кутиб олиниб, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чинобод плаза” санаторийсига жойлаштирилди. Санаторийда иштирокчилар учун барча шарт-шароитлар таъминлаб берилди.

Танлов доирасида белгиланган тадбирлар дастурига мувофиқ Республика босқичи иштирокчилари бўлган талаба ёшлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан таништирилди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва Ёшлар Парламенти вакиллари билан танлов иштирокчилари бўлган талабаларнинг мулоқоти бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов билан “Тараққиёт стратегияси – келажак учун мустаҳкам замин” мавзуида бўлиб ўтган учрашув ёшларда катта таассурот қолдириши билан бирга, қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Учрашувда талабаларга Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва унинг муҳим аҳамияти хусусида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, уларга миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақида тушунчалар берилиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг билим ва кўникмаларини янада юксалтириш, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Танловнинг Республика босқичи доирасидаги тадбирларнинг навбатдагиси INHA университетида ташкил этилди. Ушбу билим даргоҳида танлов иштирокчиларининг университет ректори ва профессор ўқитувчилари билан учрашуви, Компьютер Инжиниринг Департаменти, Ёшлар ижодий таълим маркази директори, профессор Жангву Квон билан онлайн мулоқоти бўлиб ўтди. Мулоқотлар давомида ёшларга замонавий IT техноологиялар, уларнинг имкониятлари, ишга креатив ёндошув каби йўналишлардаги янгиликлар ва маълумотлар, фойдали маслаҳатлар тақдим этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси фаолияти билан танишув ҳамда профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу учрашувлар давомида мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий, ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр ва мулоҳазалар юритилди.

Шунингдек, танловнинг республика босқичи доирасида иштирокчиларнинг Республика маънавият ва маърифат маркзи раҳбарияти, сиёсатшунос олимлар, халқаро иқтисодий муносабатлар ва ташқи инвестицион фаолият бўйича мутахассислар билан учрашувлари бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида талабалар билан  “Янги Ўзбекистон – аёлларини эъзозлаган мамлакат”, “Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсади – учинчи Ренессанс”, “Биз – Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.

Танловнинг Республика босқичи иштирокчиларининг навбатдаги танишув манзили Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси билан инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бўлди. Бу ерда улар Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасига оид маълумотлар билан танишдилар. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида бунёд этилган “Шон-шараф” давлат музейида бўлдилар.

Танловнинг республика босқичи доирасидаги тадбирлар дастурига мувофиқ талабалар Ёшлар ишлари Агентлигида ҳам бўлиб, “Ёшлар пресс клуби”нинг навбатдаги сонида иштирок этдилар. “Янги Ўзбекистон” боғи ҳудуди билан танишув жараёнлари, зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, санъаткорлар иштирокида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирлар, Ўзбекистон Миллий Академик драма театрига уюштирилган ташриф ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

26 май куни эсселар танловининг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” мавзусида эссе ёздилар.

Уларнинг ижодий ишларини баҳолашда мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги, тарих, бугун ва истиқболни ёритиб бера олганлиги, мавзуга оид мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар, илмий, бадиий савияда ёзилганлиги, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ўз муносабатининг мавжудлиги, хулосавий фикрларнинг мавжудлиги, грамматик ва услубий жиҳатдан тўғри ёзилганлиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқувчилар ёзган эсселар нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан холисона ва муносиб баҳоланди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, талабаларнинг ижодий ишлари мазмунли ва ўзига хос тарзда ёзилгани, қалб қўридан тўкилган сатрларга бойлиги ва самимиятга тўла эканлиги боис уларни баҳолаш осон кечмади.

Тантанали тақдирлаш тадбирида эсселар танловининг Республика босқичи  иштирокчиларининг барчасига Президент совғаси сифатида Ноотбуклар топширилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг Республика босқичида иштирокчилар орасидан 1-, 2-, ва 3-ўрин ғолиблари ҳамда бир қатор номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди.

Танловнинг Республика босқичида 3-ўринни эгаллаган талаба диплом ва         10 миллион сўм, 2-ўринни қўлга киритган талаба диплом ва 20 миллион сўм, 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган талаба диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Номинациялар ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Танлов ғолибларининг устозлари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Тадбир давомида эсселар танлови иштирокчилари ва ғолиблар, уларнинг устозлари ва ота-оналари сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятларини эркин намоён этишлари учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятларни эътироф этдилар ҳамда Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Тантанали тадбир якунида Республика эсселар танловининг тарихий лаҳзалари фотолавҳаларга муҳрланди.

 

 

 “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” эсселар танловининг республика босқичи ғолиблари:

 

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 3-ўринга икки нафар иштирокчи сазовор бўлди. Булар:

  • Жалилова Мухлиса Зафаржон қизи – Ш.Рашидов номидаги Самарқанд давлат унверситети Филология факультети
    2-босқич талабаси.

2) Фозилова Шахризода Фурқат қизи – Бухоро давлат университети ҳузуридаги Педагогика институти Табиий ва гуманитар фанлар факультети 1-босқич талабаси эгалладилар.

 

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 2-ўринга ҳам икки нафар иштирокчи сазовор бўлди. Булар:

  • Шодиева Нигина Улуғбек қизи – Бухоро давлат университети Филология факультети 3-босқич талабаси;
  • Ураимшикова Мафтуна Рустам қизи – Чирчиқ давлат педагогика институти Туризм факультети 3-босқич талабаси.

 “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги эсселар танловининг Республика босқичида 1-ўринни:

Қорақалпоқ давлат университети Ўзбек филология факультети 1-босқич талабаси Ғаппарова Гулёр Улуғбековна қўлга киритди.

 

“Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” эсселар танловининг республика босқичида таъсис этилган номинациялар ғолиблари:

  1. “Фаол туризм тарғиботчиси” номинацияси ғолиби Рўзиева Мадинабону Баходиржон қизи – Фарғона вилоятидаги Ўзбекистон-Корея Халқаро университети мактабгача таълим факультети 2-босқич талабаси;
  2. “Безовта қалб” номинацияси ғолиби Имомова Малика Ҳаким қизи – Чирчиқ давлат педагогика институти Гуманитар фанлар факультети 3-босқич талабаси;

III. “Янгича ёндашув, янгича дунёқараш” номинацияси ғолиби Султонмуратова Машҳура Қувончбек қизи – Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали Телекомуникация технологиялари факультети 1-босқич талабаси;

  1. “Сиёсий-маданий тафаккур” номинацияси ғолиби Ахророва Зуфнунабегим Ризвоновна – Бухоро давлат университети Филология факультети 3-босқич талабаси;
  2. “Аёл мадҳи” номинацияси ғолиби Бердиқулова Севинч Тохир қизи – Гулистон давлат университети Ижтимоий-иқтисодий факультети 3-босқич талабаси;
  3. “Она Ватаннинг қайноқ тараннуми” номинацияси ғолиби Мухторжонов Ахмаджон Фарходжон ўғли – Наманган муҳандислик-қурилиш институти Қурилиш факультети 3-босқич талабаси;

VII. “Она тилим – жону дилим” номинацияси ғолиби Наврузова Елена Павловна – Жиззах давлат педагогика институти Рус тили ва адабиёти факультети 3-босқич талабаси;

VIII. “Улуғвор мақсадларни кўзлаган ғоя” номинацияси ғолиби Турсунова Наврўзахон Эргашбой қизи – Қўқон давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти  факультети 1-боскич талабаси;

  1. “Адолат ҳар нарсадан устун” номинация ғолиби Сафоева Гулноза Пўлат қизи – Урганч давлат университети Филология факультети 4-босқич талабаси;
  2. Касаба уюшмаларининг махсус мукофоти номинациясида Сулаймонова Аниса Иброхим қизи – Наманган давлат университети Хорижий тиллар факультети 2-босқич талабаси;
  3. “Давр руҳини намоён этган эссе” номинация ғолиби Еркинова Дилафруз Икром қизи – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъатшунослик ва музейшунослик факультети 1-босқич талабаси;

XII. “Ёшлар шижоати акс этган эссе” номинацияси ғолиби Зокирова Заринабону Ўткирбек қизи – Андижон давлат университети Физика ва математика факультети 1-босқич талабаси;

XIII.  “Чиройли бадиий ифода” номинацияси ғолиби Рахмонова Умида Ўктам қизи – Навоий давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти факультети 2-босқич талабаси;

XIV. “Теран мушоҳада” номинацияси ғолиби Турсунпўлатова Гулжаҳон Абдусоат қизи – Термиз давлат университети Ўзбек филология факультети 2-босқич талабаси;

  1. “Халқаро андозалар руҳи” номинацияси ғолиби Каримов Рамис Айратович – Қарши давлат университети Инглиз филологияси факультети 2-босқич талабаси.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари