[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.06.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Касаба уюшмалари фахрийси, табаррук 92 ёшни қарши олган Мирғиёс Зоидов билан учрашув ташкил этилди.

Мазкур учрашувда тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари кенгашлари раислари, касаба уюшма фаоллари, Мирғиё Зоидовнинг шогирдлари, зиёлилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, бугун Президентимиз ташаббуслари билан “Инсон қадри учун” деган бош тамойил асосида мамлакатимизда инсон ва унинг қадрини улуғлаш, меҳнатини қадрлаш, турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу маънода жонажон Ўзбекистонимиз тарихида ёрқин из қолдирган, унинг гуллаб-яшнаши учун фидойилик билан меҳнат қилган инсонлар борки, уларни ҳар қанча ардоқласак, эъзозласак арзийди. Мана шундай инсонлардан бири Мирғиёс Зоидовдир.

Касаба уюшмалари фахрийси билан учрашувда сўз олган касаба уюшма фаоллари Мирғиёс Зоидов ўзлари учун қадрли устоз, жонкуяр ва меҳрибон инсон, республикада кўзга кўринган ташкилотчи, педагог, олим, қолаверса, юртимизда касаба уюшмалари ҳаракатининг ривожига улкан ҳисса қўшган инсон эканлигини алоҳида таъкидлаб, унинг ибратли фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Қайд этилганидек, у киши илк фаолиятини 1951 йилда мактабда щыитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик давлат ва жамоат ташкилотларида, хусусан, меҳнат ва ижтимоий масалалар, халқ хўжалиги, Футбол федерацияси тизимларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент халқ хўжалиги институти, Тошкент педагогика институти ректори лавозимларида фаолият кўрсатган даврларида ўқув-услубий ишларни такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг халқаро алоқаларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган.

У 1964-1977 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Кенгаши раиси лавозимида ишлаган даврда ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, ижтимоий таъминот тизимида жамоатчилик назоратини юритиш йўналишларидаги ишларда қатор ютуқларга эришилган. Шунингдек, ишчи-ходимларнинг мазмунли дам олишлари учун ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, Мирғиёс Зоидовнинг бевосита раҳарлигида тармоқ касаба уюшмаларининг асосий эътибори меҳнатни илмий асосда ташкил қилиш, иш жойларида меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий риоя этилишига кўмаклашиш, ходимларнинг социал муаммоларини ҳал этишга қаратилган. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, тизимда санаторийлар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари барпо этилган, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч шаҳарларида туристик меҳмонхоналар қурилиб, ишга туширилган.

Кўп миллионли мухлисларига эга бўлган спорт тури – футболни мамлакатимизда оммалаштиришда ҳам М.Зоидовнинг муносиб ҳиссалари бор. Хусусан у киши Ўзбекистон футбол Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган даврда футбол тарғиботига алоҳида эътибор қаратилиб, янги спорт иншоотлари қурилган.

М.Зоидов иқтисод фанлари доктори, профессор, 6 та илмий монография муаллифи. Олим кўплаб фан докторлари ва номзодларига илмий раҳбарлик қилган. Депутат сифатида жамоат ишларида фаол қатнашган. Бугун унинг шогирдлари иқтисодиётнинг турли тармоқларида мамлакатимиз равнақи йўлида меҳнат қилмоқдалар. Энг қувонарлиси Мирғиёс Зоидов бугунги кунда ҳам ёшларга ўз маслаҳатларини бериб келмоқдалар.

Айни вақтда фарзандлар, набира ва абираларнинг меҳрли қуршовида, эл ардоғида умргузаронлик қилаётган устоз яқинда 92 ёшни қарши олди.

– Бугун юртимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиланишлар, одамлар ҳаёти сифати ва даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Мирғиёс Зоидов. – Бунинг натижасида бошқа мамлакатларда учрамайдиган янги тизимлар йўлга қўйилиб, самарали натижаларга эришилмоқда. Буни биз юртимизда кексаю ёшга, аёлларга, болажонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлиалар мисолида кўришимиз мумкин. Биргина “Аёллар дафтари” тизимига тўхталадиган бўлсак, ушбу тизим орқали бир неча юз минглаб хотин-қизларга турли йўналишларда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда, минглаб оилаларга згулик нурлари кириб бормоқда. Биз каби фахрийларга кўрсатилаётган иззат-икром, эътибордан бошимиз осмонга етмоқда. Мана шундай эътибор ва эъзоз учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Бугунги ўзгаришларни кўриб дилим яйрайди. Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс ҳақида сўз бормоқда. Бу жуда катта иш, жуда катта ташаббус. Қолаверса, касаба уюшмаларининг фаолият самарадорлиги ошиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Бугун касаба уюшмалари ҳақиқий халқ ташкилотига айланди. Мен бундан ниҳоятда ҳурсандман.

Учрашув якунида Мирғиёс Зоидовга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони топширилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати