25.06.2022. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бугун 25 июндан 5 июлгача умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари биринчилардан бўлиб мазкур Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини бошлаб бердилар.
Касаба уюшмалари Федерациясида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси”нинг умумхалқ муҳокамаси доирасидаги илк тадбир жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилди.
Видеоконференцлоқа форматида ташкил этилган Жамоатчилик эшитувида Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарлари, бўлим мудирлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, йирик корхона ва ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари, ҳудудий студиялардан эса Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмаларининг ҳудудлардаги масъул ташкилотчилари, корхона ва ташкилотларнинг бошланғич ва бирлашган касаба уюшма қўмиталари раислари, жами 1500 нафар касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиков олиб борди.
– Маълумки, жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, ўзларининг тарихий маърузаларида бир қатор аниқ таклифларни билдирдилар, – дея таъкидлади ўз сўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор Қудратилла Рафиков. – Давлатимиз Раҳбарининг таклифлари 4 та асосий йўналишни, яъни, “Инсон қадр-қиммати ва манфаатлари”, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, “Адолатли фуқаролик жамияти” ва “Ўзбекистон ҳуқуқий давлат” масалаларини қамраб олди. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда “Инсон – жамият – давлат” деган методологик ёндашувни Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб, яна
2 та тарихий ташаббус – Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасини референдум йўли билан қабул қилиш ташаббусларини илгари сурдилар, ва мана шундагина ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олишини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимиз Конституцияси мустақиллик йилларида эришилган ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Шу билан бирга ҳаёт ҳам, халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда. Айниқса, охирги 5 йил ичида Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадларида амалга оширилган ўзгаришлар, барча соҳаларни қамраб олган ислоҳотлар жамиятимизда кўплаб янгиланишларга замин яратди. Шу боис ҳам сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдириб келинаётган эди. Бундан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг май ойида Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, ўтган бир ой давомида мазкур комиссияга халқимиздан 60 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Бу кўрсаткич жамиятимизда фуқаролик жамияти, халқимизда эса Давлат тақдирига дахлдорлик ҳисси шаклланганлигидан далолат беради.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Жамоатчилик эшитуви шаклида ташкил этилган муҳокама жараёнида бугун мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага киргани алоҳида таъкидланди. Конституциявий Қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутиши, шунингдек, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилаётгани қайд этилди. Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашгдек эзгу мақсадларга қаратилгани эътироф этилди. Бир сўз билан айтганда мазкур жамоатчилик эшитуви орқали конституцион ислоҳотнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Конституциявий комиссия аъзолари иштирокидаги учрашувда Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан билдирилган таклифларни тўла қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, видеоконференцалоқа форматидаги умумхалқ муҳокамасида республикамизнинг турли ҳудудларидан иштирок этаётган касаба уюшма фаоллари томонидан Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Қайд этиш зарурки «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилгунга қадар Бош қомусимизга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича турли соҳаларда меҳнат қилаётган 6 миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзолари ва фаолларининг аксарияти томонидан кўплаб таклифлар берилди. Мана шундан ҳам кўриниб турибдики, бугун Янги Ўзбекистон фуқаролари мамлакат тақдирига бефарқ эмаслар ва улар Ватанимиз тақдирини белгилайдиган муҳим жараёнда бевосита иштирок этмоқдалар.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини референдум йўли билан қабул қилиш таклифини илгари сурдилар. Бундан кўзланган мақсад – ҳар бир фуқаронинг ўз фикрларини эркин айтиши учун кенг имконият яратиб бериш ва Бош қомусимизнинг том маънода халқ Конституцияси бўлишига эришишдир.
Тадбирда меҳнат жамоаларида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўтказилаётган умумхалқ муҳокамаларида касаба уюшма фаоллари томонидан билдирилаётган таклифларни умумлаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича таклифларни умумлаштирувчи Республика штаби тузилгани, Федерациянинг ҳудудий кенгашларида эса мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилгани, уларнинг асосий вазифаси барча ҳудудлардаги меҳнат жамоаларида Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама этиш жараёнларида билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда Конституциявий комиссияга тақдим этиш эканлиги қайд этилди.
Тадбир сўнгида 6 миллионлик касаба уюшма аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда Конституциявий ислоҳотлар жараёнининг якунловчи учинчи босқичи, яъни референдум иштирокчиларининг ҳар 3 нафардан 1 нафари касаба уюшмалари аъзоси эканлиги таъкидланиб, уларнинг барчаси умумхалқ муҳокамасида янада фаол қатнашишга чақирилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари