04.08.2022. Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида истиқлол шодиёналарига катта тадорик кўрилмоқда. Хусусан, байрам арафасида юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Фарғонада ҳам кўплаб маданий-маиший иншоотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Фарғона шаҳридаги Беруний маҳалласи ҳудудидаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиалининг спорт зали таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиқовнинг бевосита ташаббуси билан 200 млн. сўмдан зиёд маблағ эвазига мазкур иншоот қайта реконструкция қилиниб, маҳаллий ёшлар учун фойдаланишга топширилди.
Эндиликда ёшлар бўш вақтини спорт копмлексида ўтказиб, спортнинг таэквандо, каратэ, кураш ҳамда гимнастика турлари билан шуғулланиб, баркамол шахс бўлиб улғаядилар.
Президентимизнинг ёшлар ҳаёти ва камоли, уларни илму истеъдод чўққилари сари руҳлантириш, ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, мусиқа ва санъат, спорт, компьютер, интернет ва ахборот-технологиялари, ёшларда китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этишга қаратилган 5 та муҳим ташаббуси асосидаги саъй-ҳаракатлар бутун юртимиз бўйлаб кенг қанот ёзмоқда. Маҳалламиздаги бу спорт залида барча шароитларнинг муҳайё этилиб, биз ёшларга топширилгани Мустақиллик байрами арафасида чинакам совға бўлди, – дейди Беруний маҳалласидаги ёшлар етакчиси Фарруҳ Турдалиев.
Спорт иншоотининг очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Қ.Қирғизалиев, Давлат муассасалари ва жамаот хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари А.Салихов, уюшманинг вилоят кенгаши раиси Э.Нуралиев, шаҳар ҳокими В.Назаров ҳамда шаҳар прокурори Д.Қобуловлар иштирок этдилар.