[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.08.2022. Ёзги таътил вақтини мазмунли ўтказиш, ўқувчилар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, янги ўқув йилида фанларни пухта ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу йилги Ёз мавсумида Олмалиқ кон-металлургия комбинати тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида бугунги кунга қадар 4319 нафар болалар соғломлаштирилди.

Жумладан, Пискент туманида жойлашган “Тонг” БСОда 622 нафар, Жиззах вилояти Зомин туманида жойлашган “Истиқлол” БСОда 866 нафар, Сурхандарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган “Хандиза-Парвоз” БСОда 203 нафар, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Металлург” БСОда 918 нафар, “Гулзор” БСОда 1710 нафар ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқаришди. Ҳар бир оромгоҳда мавсум давомида болажонларнинг мазмунли дам олишлари учун барча шароитлар яратилди. Яна бир эътиборли жиҳат комбинат фарзандлари учун соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар имтиёзли нархларда белгиланган. Бундан ташқари, комбинат жамоа шартномасига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг 309 нафар фарзандларига  бепул йўлланмалар ажратилди. Оромгоҳларда ўсиб келаётган ёш авлодни юқори маънавий анъаналар руҳида тарбиялашни давом эттириш мақсадида “Маънавият ва маърифат” хоналари ташкил этилган. Болаларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва китоб, ўқишга бўлган қизиқишларини янада ривожлантириши, ёзувчилар ва шоирларнинг ҳаёти ва ижоди, ҳамда турли адабиёт жанрлари билан таништириш учун кутубхоналар ташкил этилди. Болаларнинг бўш вақтларин мазмунли ўтказишлари учун турли хил тўгаракларнинг фаолияти  йўлга қўйилди. Ҳар бир Оромгохда «Ёш китобхонлар», «Моҳир қўллар»,  «Ёш рассомлар», «Ижодкор ва моҳир болаларни излаймиз», «Ёш раққосалар», «Инглиз тилини ўрганамиз», “Ёш экологлар”, “Биз компьютер саводхонлигини ўрганамиз”, “Биз чолғу асбобларини ўрганамиз” каби тўгараклар, “Волейбол”, “Баскетбол”, “Шашка”, “Шахмат”, “Сузиш”, “Ёш теннисчилар”, “Бокс”, “Бадминтон” каби спорт секциялари фаолият олиб боришди.

Яна бир эьтиборли жихати куни кеча Тошкент Жанубий вокзалида Мўйноқ тумани ва Нукус шаҳридан келган 308 нафар ўқувчилар кутиб олинди. Айни пайтда улар Олмалиқ кон-металлургия тасарруфидаги “Гулзор” болалар соғломлаштириш оромогоҳида таътилни мароқли ўтказишмоқда.

Меҳмонларни Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олди. Қорақалпоғистонлик ўқувчилар 12 кун давомида соғломлаштириш оромгоҳида мириқиб ҳордиқ чиқаришади. Уларнинг дам олиши учун махсус дастур асосида турли тадбирлар ташкил этилиши белгиланган.

Оромгоҳга келган болалар тантанали кутиб олинди. “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси фаоллари мавсумнинг мароқли ўтиши учун барча шароитларни ҳозирлашган.

– Болалар учун таътилнинг энг қизиқарли даври “Гулзор”да бўлишига ишонаман, – дейди ОКМК ходимлари касаба уюшмаси аппаратининг ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси Феруза Базарова. – Малакали ва фаол етакчилар жалб этган ҳолда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун турли кўнгилочар дастурлар, спорт ва бадий танловлар уюштириш режалаштирилган. Ўйлайманки, улар 12 кун давомида олам-олам таассуротлар олишади.

Оромгоҳга келган болалар юз кўзларида порлаб турган қувонч уларнинг мамнунлигини ифода этмоқда.

– Табиати гўзал, об-ҳавоси тоза, салқин жой экан. Менга жуда ёқди,- дейди Нукуслик Фарангиз Махсетбаева.  – Мириқиб ҳордиқ чиқарамиз. Биз жонажон Ўзбекистонимиз ҳамиша мана шундай тинч, осуда ва серфайз бўлишини истаймиз.

– Биласизми оромгоҳда “Биз чолғу асбобларини ўрганамиз” тўгараги борлигидан жуда ҳам мамнунман. Мен Муйноқ туманидаги Мусиқа мактабида таҳсил оламан. Оромгоҳга дам олишга келаётганимда ўзим билан Оламўйноқ дуторимни олгандим. Тўгаракда миллий чолғу асбобларининг ранг-баранглигини кўриб беихтиёр кўзим қувонди, – дейди Муйноқлик Дилбар Есиморатова.

Шерали Кучаров

“Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўйича етакчи мутахассис