[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.11.2022. 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни арафасида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш ишларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган яна бир муҳим тадбир – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўртасида Ҳамкорлик Меморандумини имзолашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Маълумки, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдириши қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида эса касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этишлари ва ҳимоя қилишлари белгилаб қўйилган.

Бундан кўриниб турибдики, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари  бўйича вакили (Омбудсман)нинг ҳам, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам асосий мақсад ва вазифалари фуқароларнинг, шу жумладан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Шу маънода иккала ташкилот ўртасида Ҳамкорлик Меморандумининг имзоланиши сўзсиз, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Зеро ҳамкорликдан кўзланган мақсад ҳам меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарадорлигини ошириш ва меҳнат ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олишга қаратилган.

Рақамларга мурожаат этсак, ўтган беш йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига меҳнаткашлардан 24 мингдан ортиқ мурожаат келган бўлса, уларнинг 18 минг 359 таси қаноатлантирилди. Натижада ходимларга ўз вақтида тўланмаган 14 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи ҳамда 9 миллиард сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ундирилиб берилишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ҳам жорий йилнинг 9 ойи давомида фуқаролар мурожаатлари ўрганилиши натижасида жами 338 млн сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундириб берилган. Хусусан, иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича қарийб 220 млн сўм ундирилган.

Тадбирда мазкур Ҳамкорлик Меморандум нафақат марказий ташкилотлар, балки Омбудсманнинг вилоятлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ўртасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ва фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилди. Бундан келиб чиққан ҳолда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгалари ўртасида ҳам шу каби Меморандумлар имзоланишига келишиб олинди.

*************************************

Тадбирни Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексига ходимлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш бўйича киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги Давра суҳбати давом эттирди. Таъкидлаш ўринлики, ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари ҳам фаол иштирок этдилар.

Давра суҳбатида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳаси 2 қисм, 34 боб ва 581 моддадан иборат бўлиб, Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда тааллуқли хорижий ва халқаро тажриба чуқур ўрганилгани ва таҳлил этилгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, Янги Меҳнат кодексида ходимларга амалдаги кодексданда кўпроқ кафолатлар ва имтиёзларни белгиловчи қатор нормалар мавжуд. Хусусан, унинг 113-моддасида кундузги ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган шахслар билан ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин қилиб белгиланиши, амалиётда кўплаб учраётган “олий ўқув юртида кундузги бўлимда ўқаётганларни ишга қабул қилса бўладими”? деган саволга аниқ жавобдир.

Шунингдек, янги Меҳнат кодексига мувофиқ эндиликда нафақат 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор оналарга, балки 3 ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган отани ишга қабул қилишда ҳам дастлабки синов белгиланиши мумкин эмас.

Ходимлар учун қўшимча имтиёзлардан яна бири меҳнат таътилининг энг оз давомийли 21 календарь кунидан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилганидир. Бунинг натижасида ҳозирги қонун бўйича 15 календарь кунидан иборат тътил оладиган ходимнинг таътили 4 календар кунига узаяди. Бундан ташқари, ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Давра суҳбатида ходимлар манфаатига хизмат қилувчи, улар учун қулайликлар яратувчи шу каби яна кўплаб янгиликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, касаба уюшма ташкилотларига ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада амал қилаётган Жамоа шартномаларига янги Меҳнат кодексидаги нормалардан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матьбуот хизмати раҳбари