[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан мамлакатимизда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган фаолият турларига, шунингдек, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари доимий таҳлил қилиб борилади.

Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, республикада пахта йиғим-терим мавсумида ходимларни йиғим-терим ишларига мажбурий жалб этиш каби салбий ҳолатларга тўлиқ барҳам берилган.

Лекин шу билан биргаликда айрим тармоқларда, ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш фактлари саноқли бўлсада, мавжуд.

Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида Миллий комиссиянинг саъи-ҳаракати билан барча тармоқлар бўйича жами 21 нафар мансабдор шахс, хусусан, халқ таълими тизимидаги 9 нафар, тиббиёт соҳасидаги 5 нафар мансабдор шахс ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилган.

Миллий комиссия бу каби ҳолатларни тўлиқ қоралайди ҳамда нафақат Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, балки бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ходимларнинг ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этилишининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриб боради.

Бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Давлат меҳнат инспекцияси ходимларни ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этилиши ҳолатларига барҳам бериш бўйича назоратни кучайтириши, айбдор мансабдор шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш ишларини янада кучайтириши зарур.

Азиз юртдошлар, агар Сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз “1176” ҳамда “1092” рақамли “ишонч телефон”ларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ва зарурий чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси