22.12.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгашига Қува туман Халқ таълими бўлимига қарашли 28-умумий ўрта таълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари ойлик маошлари ўз вақтида тўланмагани тўғрисида мурожаат қилдилар.
Хусусан, мурожаатда 2022 йилнинг 13 декабрига қадар мактабнинг 24 нафар ўқитувчисига ноябрь ойи учун жами 67 миллион 716 минг сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақи тўланмасдан келинаётгани маълум қилиниб, меҳнатга оид бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўралади.
Мазкур мурожаат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан ўрганилиб, ходимларнинг кечиктирилган ойлик иш ҳақларини тўлаб бериш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги юзасидан Қува тумани халқ таълими бўлими ҳамда “Агробанк” АТБ Фарғона вилояти бош бошқармасига тақдимнома киритилди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Феруза Абдуллажонова.
Натижада ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланиб, ойлик иш ҳақлари ундириб берилишига эришилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати