30.12.2022. Қашқадарё вилоятидаги “Uzbekistan GTL” заводи жаҳон энергетика тармоғидаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлиши билан бирга дунёда бармоқ билан санарли юқори технологик саноат мажмуаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ қурилиб, ишга туширилган мазкур мажмуада бугунги кунда саноат ва қишлоқ хўжалиги учун керакли бўлган 4 хил турдари ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда заводда қарийб 1000 нафар ходим, шу жумладан ёш мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси бошлиғи, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев ҳамда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши масъул ходимлари “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб, бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси йўналишларида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Шунингдек, мазкур йўналишлардаги ишларни янада ривожлантириш бўйича касаба уюшма фаолларига амалий ёрдам кўрсатилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши вакиллари “Uzbekistan GTL” МЧЖ Тижорат директори Сарод Йўлдошев билан ҳам учрашдилар. Суҳбат давомида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва унинг натижалари, Жамоа шартномасида меҳнаткашлар учун белгиланган имтиёз ва кафолотлар, уларнинг бажарилиши йўналишларидаги ишлар таҳлил этилди. Шунингдек, заводда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Хусусан, завод тиббиёт марказида ходимларга кўрсатилаётган хизматлар билан танишиш жараёнида ушбу масканнинг энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлангани, ошхонадаги шароитлар ўрганилганда эса ходимлар учун махсус овқатланиш тизими яратилгани иш берувчининг ҳам, касаба уюшма қўмитасининг ҳам ўз ишига сидқидилдан ёндошаётганини намоён қилди.
Ташриф сўнггида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси масъуллари ҳамда “Uzbekistan GTL” МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорликда ходимлар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш борасида олдинда турган долзарб вазифаларни белгилаб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати