27.02.2023. Ёшу-каттанинг севимли баҳсларидан бири бўлган Заковат интеллектуал ўйини ўз атрофида кўплаб фаолларни жамлаган. ОКМК бўлинмаларида ҳам айни йўналишда бир қатор жамоалар Республика баҳсларида илғорлардан.
Ҳар йили комбинат Ёшлар иттифоқи ва Касаба уюшмаси Кенгаши ташаббуси билан Заковат лига ўйинлари ўтказилади. Саралаш ўйинлари учун ҳар бир бўлинмадан муносибларни аниқлаш мақсадида эса бошқарма ва заводларда “Билимдонлар майдони” интеллектуал беллашувлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 17-феврал куни Технологик транспорт бошқармаси “Касаба уюшмаси қўмитаси” ҳамда “Ёшлар иттифоқи” ҳамкорлигида бошқарма ишчи-ходимлари ўртасида “Билимдонлар майдони” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Билимлар беллашувида 4 та транспорт цехлари, Кон ишларини механизациялаш цехи, Технологик транспортларни таъмирлаш цехи ҳамда Транспорт бошқармаси цехларидан 7 та жамоа 2 турда баҳс олиб борди.
Ҳар бир турда 8 тадан берилган мантиқий саволларга жамоалар ёзма жавоб беришди.
Ўйин натижаларига кўра, Кон ишларини механизациялаш цехи билимдонлари қўшимча берилган саволларга ҳам аниқлик билан жавоб йўллаб, 3-ўринни эгаллаган бўлса, Транспорт цехи билимдонлари 2- ваТТБдан ташкил топган жамоа Мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Ғолибларга касаба уюшмаси томонидан пул мукофотлари ва махсус дипломлар топширилди.
Эслатиб ўтамиз ОКМК Заковат Лига ўйинларининг саралаш баҳслари март ойида старт олади. Ҳар бир корхонадан сараланган иштирокчилар жамоа бўлиб иштирок этади.
Феруза Базарова
ОКМК ходимлари Касаба уюшмаси Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси