09.08.2023. Охирги йилларда Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги ўзаро дўстона алоқалар тобора ривож топиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Мазкур дўстона ҳамкорлик алоқалари икки мамлакат касаба уюшмалари фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган Меморандум доирасида Тожикистон Республикасининг Конибодом шаҳридан 50 нафар ўғил-қиз ва 10 нафар фахрий отахон ва онахон саломатликларини тиклаш учун Ўзбекистонга таклиф этилди.
Конибодом шаҳар маъмурияти раиси Абдусалом Тўхтасинзода бошчилигидаги делегация аъзолари Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги “Андархон” чегара-божхона постида ўзбекона лутф ила карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиевлар ва Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев охирги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқалари ривож топиб бораётгани, юртимизга етиб келган меҳмонларнинг ташрифи бунинг ёрқин далили эканлигини таъкидладилар.
Дилдан қурилган самимий суҳбатлардан сўнг тожикистонлик 50 нафар ўғил-қизлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги “Товул” болалар оромгоҳига жойлаштирилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Бешариқ туманида жойлашган мазкур оромгоҳда “Дўстлик оромгоҳи” ташкил этилиб, тожикистонлик болажонларнинг бу ерда мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ушбу масканда дам олаётган болажонлар ҳордиқ билан бир қаторда маънавий-маърифий тадбирлар, спорт ўйинлари ва вилоятнинг диққатга сазовор жойларига ташкил этиладиган саёҳатларда ҳам иштирок этадилар.
Тожикистонлик меҳнат фахрийлари эса саломатликларини мустаҳкамлашлари учун “Олтин кўл” сиҳатгоҳига жойлаштирилди. Соя-салқин ва табиати мусаффо ушбу маскан меҳмонларга жуда манзур бўлди.
Тожикистонлик меҳмонлар 12 кун давомида Фарғонада мароқли ҳордиқ чиқариш билан бирга водий гавҳари бўлган Фарғона вилояти билан яқиндан таништириладилар. Хусусан, вилоятдаги тарихий обидалар, музей ва диққатга сазовор масканларга саёхатлар уюштириш режалаштирилган.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси