24.11.2023. Бағдод туманидаги 39-умумий ўрта таълим мактабида ишлайдиган 21 нафар ўқитувчининг базавий тариф ставкасига Вазирлар Маҳкамасининг 831-қарорига асосан ҳар ойлик устама муассаса махсус комиссияси қарорига мувофиқ белгиланган бўлса-да, устама пуллари тўланмаган. Бундан норози бўлган мактаб ўқитувчилари амалий ёрдам сўраб, касаба уюшмаларига мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бағдод тумани кенгаши томонидан ишчи гуруҳ ва мактаб жамоаси иштирокида ўрганиб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, устама ҳақлари умумтаълим мактаблари педагог ходимларига ҳар ўқув йили охирида, яъни июнь ойида белгиланади.
Лекин 39-умумий ўрта таълим мактабида жорий йилнинг июнь ойида устамага даъвогар педагог ходимларга устама ҳақлари белгиланмаган. Ўрганишлар давомида шу нарса аён бўлдики, ўқув йили сўнгида мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Ш.Раҳимов устамага даъвогар 21 нафар педагогнинг барча зарур ҳужжатларини тахт қилиб, мактабга янги тайинланган директорга олиб киради.
Мактаб директори И.Қодирова директорлик лавозимига 2023 йилнинг 30 май кунидан тайинлангани, ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини, уларнинг фаолиятини тўлиқ билмаслигини билдиради. Бу орада директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ш.Раҳимов меҳнат таътилига, ундан сўнг ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб чиқиб кетади. Шу зайлда устама олувчи педагогларнинг ҳужжатлари аросатда қолиб кетади. Мактаб директори бошчилигидаги махсус комиссия шу йилнинг 28 августида йиғилиш ўтказиб, 22 нафар педагогга устама ҳақлари белгилашга қарор қилган. Бироқ махсус комиссия томонидан тайёрланган қарор ва буйруқлардаги камчиликлар сабаб Бағдод тумани адлия бўлими томонидан юридик аҳамиятга эга ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида ҳуқуқий хулоса жорий йилнинг октябрь ойига қадар тасдиқланмасдан қолади.
Тоқати тоқ бўлган устама олувчи педагоглар махсус комиссия фаолиятидан норози бўлиб, касаба уюшмаларига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Юзага келган мазкур ҳолат Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бағдод тумани кенгашининг саъй-ҳаракати билан ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилиб, устама олувчи ўқитувчиларга 2023-2024 ўқув йилида устамалар белгиланиб, туман адлия бўлими томонидан тасдиқдан ўтказилди. 39-умумий ўрта таълим мактаби директорининг 18 октябрдаги 190-11-152-DUM/2023-сонли буйруғи расмийлаштирилиб, унга кўра, устама олувчи 22 нафар педагог ходимга тегишли ҳақлари белгиланди.
Жамшид Эргашев