07.12.2023. Маълумки, бугунги кунда камҳаракатлилик бутун дунёда ўткир муаммога айланган. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик — камҳаракатлилик билан боғлиқ ҳолатлардир.
Мана шундай ҳолатларда жисмоний ҳаракатлар, хусусан, юриш энг яхши даво омилларидан бири бўлиши мумкин.
Юриш спорт турлари орасида энг осони ва қулайи ҳисобланади. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ. Ижобий таъсири эса жуда юқори. Чунки, юриш организмнинг умумий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради.
Таъкидлаш ўринлики, соғлом инсонгина жисмонан мустақил бўлади, ўз мақсади сари дадил ва эркин ҳаракат қила олади. Бунинг учун эса соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим.
Худди шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши томонидан Жисмоний тарбия ва спорт соғломлаштириш ишлари масъул ташкилотчиси билан ҳамкорликда вилоятдаги “Нуронийлар маскани”да юриш марафони ташкил этилди.
Унда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 1000 га яқин меҳнаткашлар, шунингдек, вилоят кенгашининг барча ходимлари, соҳалар бўйича тармоқ кенгашлари раислари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Марофон иштирокчилари эрта тонгдан кўл атрофида юриш марафонини бошладилар. Тоза ҳаводаги жисмоний ҳаракат марафон иштирокчиларига ҳам руҳан, ҳам жисмонан енгиллик бахш этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати