[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.12.2023. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг V Мажлиси ва Ижроия қўмитасининг 12 йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисни Республика кенгаши раиси Алимджанова Нигора Адхамовна олиб борди.

Йиғилиш кун тартибида тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дастури ижросини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар, Республика кенгаши касаба уюшмасининг 2023 йил давомидаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Республика кенгаши томонидан меҳнаткашларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида 2023 йил давомида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Жумладан, ходимлардан келиб тушаётган мурожаатларнинг тез ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида, шахсан биринчи раҳбарнинг назоратида ҳар бир мурожаат мутахассислар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилган ва ижроси ижобий ҳал этилган.

Бугунги кунда кимё ва фармацевтика саноати тизимидаги тузилган тармоқ жамоа келишувлари ижтимоий шерикликнинг энг асосий ҳужжати сифатида касаба уюшмалари ҳаракатини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ижтимоий шериклик натижасида аҳолининг турли табақаларига манзилли ёрдам кўрсатиш, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, меҳнатга ҳақ тўлаш, бандликни таъминлаш, соғломлаштириш каби масалаларга оид Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунларига, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларга асосланган ҳолда жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари тузилиб, улар меҳнат шарт-шароитлари мезонларига мувофиқлаштирилди.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича дастури тасдиқланган бўлиб, дастурга асосан пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш режаси бўйича 1102 нафар ходимга, ишламайдиган пенсионерлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож бўлган корхоналарнинг собиқ ходимларига моддий ёрдам кўрсатиш режаси бўйича 3031 нафарига, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш режаси бўйича 912 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш ҳаражатларини қисман қоплаш, кам таъминланган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартномаси пуллари қисман тўловини амалга ошириш, ёш ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар бериш масалаларида ҳам қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Ёш ходимларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, маданий ва соғломлаштириш бўйича қўллаб-қувватлаш мақсадида давра суҳбатлари, спорт тадбирлари, кўрик-танловлар ва тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди. Жумладан, “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқотлар ташкил этилди, тармоқ тизимидаги корхоналарда ёшларнинг истеъдодини намоён қилиш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш, касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” кўрик-танлови ўтказилди.

“Ўзкимёсаноат” ва Республика кенгаши ҳамкорлигидаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида мини-футбол бўйича мусобақани ўтказиш тўғрисида”ги Қўшма қарорга асосан тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида мини-футбол бўйича мусобақанинг республика-тармоқ финал босқичи “Спорт−саломатлик гарови” шиори остида юқори даражада ташкил этилди.

Мажлисда сўзга чиққан кенгаш аъзолари фаолият юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини ҳамда келгуси йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича таклифларини билдирдилар.

Кенгаш йиғилишида тармоқ ва тизимдаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилий ва танқидий кўриб чиқилди ҳамда Республика кенгашининг 2024 йилда амалга ошириши лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Йиғилиш сўнггида “Энг намунали бошланғич ташкилот” ва “Энг яхши жамоа шартномаси” кўрик-танловлари ғолибларига Республика кенгашининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Шавкат Таиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси