[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.12.2023. Қамаши тумани «Баландчайла» оилавий шифокорлик пункти қоровули Бердиёр Худойқулов онасининг саломатлигини мустаҳкамлаш зарурлигини ўйлади. Бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Рустам Абдураҳмоновга билдирган эди, раис ариза ёзиши лозимлигини айтди. Шундан сўнг «Қашқадарё соҳили» санаторийсига йўлланма ажратилди.

Худди шу масалада мурожаат қилган 48-оилавий поликлиниканинг лаборант врачи Наврўз Холматов отасига «Зомин»га, «Кардиология» бўлими шифокори Наргиза Эшмуродова эса онасига «Оқтош»га йўлланма олди. Байналмилал жангчи, фельдшер Хуррам Худойбердиевга эса «Чортоқ» санаторийсига бепул йўлланма ажратилди.

Фарзандини олий ўқув юртида шартнома асосида ўқитаётган патронаж ҳамшира Моҳира Қодирова, икки фарзандини ёлғиз улғайтираётган Феруза Абдуллаева, орастабон, иккинчи гуруҳ ногирони Жамила Очилова, яқиндагина юрагига «стенд» қўйдирган ходима Хосият Баротовага касаба уюшма қўмитаси томонидан моддий ёрдам берилди. Уйида ёш бола тарбияси билан машғул бўлган орастабон, I гуруҳ ногирони Хуршида Нурмаҳматова ҳам эътибордан четда қолмади. Шу тариқа йил бошидан буён 60 нафар ходим касаба уюшма маблағларидан кўмак олди. Бундан ташқари, касабақўмнинг билдиргисига кўра, туман тиббиёт бирлашмасининг Жамғарма маблағларидан моддий ёрдам ва рағбат олган ходимлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Эътиборлиси, 2023 йилда 33 нафар ходим ва уларнинг яқин қариндошлари санаторийларда соғлиғини мустаҳкамлаган бўлса, 73 нафар ўғил-қиз Яккабоғ туманидаги «Сирли коинот» оромгоҳида ёзни мароқли ўтказишди. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида 8 нафар илғор ҳамширанинг пойтахтга, 104 нафар ходимнинг Самарқандга зиёрати ташкил этилди.

Туман тиббиёт бирлашмасида йилнинг энг муҳим воқеликларидан бири – иш ўринларининг аттестациядан ўтказилгани бўлди. Шунга асосан ходимлар учун белгиланган қўшимча имтиёзлар амалга татбиқ этилди. Зарарли шароитларда ишловчиларга қўшимча меҳнат таътиллари берилди.

Касаба уюшма қўмитаси раиси ташаббуси билан пенсияга чиқаётган 15 нафар фахрийга Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида эсдалик совғалари топширилди.

Ноябрь ойи мазмундорлиги, байрамларга бойлиги билан соҳа меҳнаткашлари учун қадрли. Яъни Касаба уюшмалари куни ҳамда Тиббиёт ходимлари куни байрамлари кенг нишонланди. Саналарга бағишланиб, «Спорт – саломатлик гарови!» шиори остида спартакиада баҳслари ташкил этилди.

Ишлаш учун шароитлар қанчалик яхши бўлса, бу шифокорга ҳам, беморга ҳам бирдек фойдали. Кўп тармоқли марказий поликлиниканинг «Болалар бўлими» ҳамда «Қабул бўлими» бинолари таъмирланиб, янгича қиёфада халққа хизмат кўрсатаётир.

Яна бир янгилик. Яқинда тумандаги «Кардиомед» клиникаси ва «Суҳроб барака савдо» хусусий корхонасида касаба уюшма ташкилоти тузилди. Демак, инсонни улуғлаш ва қадрлашга қаратилган савобли ишлар мазмун-мундарижаси янада бойийдиган бўлди.

Акмал Абдиев