17.01.2024. Қумқўрғонлик Исмоил Алланазаров 2015 йилдан буён «Сурхон пармалаш ишлари» акциядорлик жамиятида турли лавозимларда ишлаб келаётган эди.
2023 йилнинг 26 сентябрида у билан тузилган меҳнат шартномаси, ўз хоҳишига кўра, бекор қилинди. Иш берувчининг тегишли буйруғи билан охирги пулларни ҳисобкитоб қилиш ва тўлаб бериш бош ҳисобчига юклатилди. Аммо ғазнабон бу ишни турли баҳоналар билан пайсалга солаверди. Оқибатда, «Сурхон пармалаш ишлари» акциядорлик жамиятининг собиқ ходими ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш мақсадида касаба уюшмаларига мурожаат йўллади.
Ўрганишлар давомида қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, иш берувчи И.Алланазаровга 2023 йилнинг май ойи учун 1 миллион 400 минг 667 сўм иш ҳақи ҳамда 2021-2022 йиллардаги меҳнат таътили учун 9 миллион 483 минг 308, фойдаланилмаган таътил учун эса 11 миллион 416 минг 749 сўм, жами 22 миллион 300 минг 719 сўм пулни белгиланган тартибда тўламаган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан касаба уюшмалари «Сурхон пармалаш ишлари» акциядорлик жамиятига кўрсатма хати юборди. Иш берувчи ўз хатосини тан олди ва собиқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат қилишга ҳожат қолмади – кўрсатмага биноан, И.Алланазаровга 22 миллион 300 минг 719 сўм тўлаб берди.
Зариф Холов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори