26.01.2024. Муродил Зияев «Gross Sug’urta» компаниясининг Марғилон филиалида директор лавозимида ишлаб келган. У билан тузилган меҳнат шартномаси ўзининг розилиги билан бекор қилинади.
Лекин иш берувчи томонидан унга 3 ойлик иш ҳақи тўланмасдан қолиб кетади. Югур-югурлардан чарчаган Муродил Зияев бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига йўл олади.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида қонун доирасида «Gross Sug’urta» компаниясига ҳужжатларни тақдим этиш ҳақида сўровнома юборилади. Негадир компания тегишли ҳужжатларни тақдим этмайди. Шунга кўра, мазкур иш М.Зияевнинг ҳужжатлари асосида кўриб чиқилади.
«Gross Sug’urta» компаниясининг 2023 йил 11 октябрдаги буйруғи билан М. Зияев билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиниб, 2021 йил 16 ноябрдан 2023 йил 11 октябргача бўлган муддат учун тўлиқ ҳисоб-китобни амалга ошириш белгиланган. Фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун 46 кун ҳисобида пуллик компенсация тўлаб бериш қайд этилган.
Ўрганиш давомида «Gross Sug’urta» компанияси томонидан М.Зияев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътил кунлари учун 37 млн. 952 минг сўм иш ҳақи ҳисоб-китоб қилинган бўлса-да, ушбу маблағ тўлаб берилмаганлиги аён бўлди. Компания билан олиб борилган музокаралардан сўнг ушбу маблағ ундириб берилди.
Авазхон Тўрахўжаев
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши бош юрисконсульти