[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.04.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат навқирон авлод вакилларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва мафкуравий тарбияси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишдек муҳим вазифаларни амалга оширишга кўмакчи бўлиб хизмат қилади.

Меморандум доирасида ёшлар билан ишлаш соҳасидаги ижобий иш тажрибаларига оид ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилади, «Устоз-шогирд» анъаналари ўрнатилади. Ёш касаба уюшма аъзоларининг муаммо ва ташаббуслари мунтазам равишда ўрганиб борилади. Касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлаш ва уларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ижтимоий инфратузилмасини, жумладан, санаторий-курорт муассасалари, спорт иншоотлари ва базалари, дам олиш ва туризм муассасалари, ўқув ва кўнгилочар марказлар, клублар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ишлар кўлами янада кенгайтирилади.

Қайд этиш жоизки, Федерациянинг вилоят кенгаши ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида ҳам ана шундай ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум туфайли барча корхона, ташкилот, муассасаларда жамоа шартномаларида қайд этилган бандлардан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларга хавфсиз меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиб берилиши, меҳнатига муносиб ҳақ тўланиши, иш жойларида хотин-қизлар ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси таъминланишига эришилади.

Муҳими, ёшлар ва хотин-қизларга оид муштарак мақсадлар сари ҳамкор ташкилотлар бундан буён биргаликда қадам ташлайди.

Достонбек Жўраев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси