03.06.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар муаммолари бўйича мурожаатларни қабул қилувчи 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони», яъни «Call-center» ташкил этилганидан буён бу нақл тўғри ва ҳаётий экани ўз исботини топмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз фуқаролари ўзларини қийнаётган муаммолар билан «Ишонч телефони» орқали Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тез-тез мурожаат қилиб туришади. Мурожаатлар эса ҳеч қачон эътиборсиз қолдирилмайди. Зудлик билан бошига ташвиш тушган ёки бирон-бир муаммога дуч келиб, қийин вазиятга тушиб қолган инсонга кўмак бериш чоралари изланади. Шу боис мурожаат қилувчилар ушбу марказдан мамнун бўлишмоқда.
Хусусан, Шеробод туманидаги «Олтин воҳа» маҳалласида яшовчи фуқаро Зокирова Райҳона Эшбой қизи «Ишонч телефони»га қуйидагича мурожаат қилганди: «Менинг онам Фотима Донаева (1970 йилда туғилган) 2019 йилда автоҳалокатга учраган. Яхши битмаган жароҳати туфайли онамнинг оёғи йиринглаган. Мен шу сабабли онамни Шеробод туманидаги марказий шифохонага олиб бордим. Шифокорлар онамни қабул қилишмаяпти. Бош шифокор ўринбосари Баҳодир Қурбонов отамга «қўлингдан келганини қил», деган. Сиздан илтимос, онамни тумандаги марказий шифохонага қабул қилишларида амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Мен бу масалада ёрдам сўраб «103»га мурожаат қилдим. Натижа бўлмади».
Ушбу мурожаатдан сўнг аҳвол вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва касаба уюшма ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Мурожаатчининг онаси касалхонага ётқизилиб, тегишли муолажалар қилинди. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнгли тоғдек кўтарилган она ва бола «Ишонч телефони»га ташаккурнома хати йўллади.
Мурожаатдан ҳам кўриниб турибдики, оддийгина эътиборсизлик ва лоқайдлик, сансалорлик инсон бошига турли ташвишлар тушишига, асабларини қақшатиб, ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўляпти. Чорасиз қолган инсонлар охирги нажот нуқтаси сифатида ушбу марказга мурожаат қилишиб, ёрдам сўрашга мажбур бўлишяпти. Навбатчи жамоа туну кун хизматга шай туриб, мурожаатларни ижобий ҳал этишга муваффақ бўлаётгани учун унга нисбатан халқнинг ишончи тобора ортиб бормоқда.
Чори Жумақулов