29.08.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишлаб “Бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз!” шиори остида “Уч авлод учрашучи” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Хонобод” санаторийсида очиқ осмон остида ташкил этилгани билан эсда қоларли бўлди.
Ташкил этилган тадбирда Фарғона Давлат университетининг профессор устозлари – Султонали Маннопов, Ҳошимжон Ҳайдаров, Ғуломжон Йўлдашевлар иштирок этиб, ёшлар, хусусан, ёш изланувчан ўқитувчиларга ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб бердилар.
Киши ўз олдига мақсад қўйиши ва келажагини режалаштириши лозимлиги, бу йўлда, албатта, унга муаммолар учраши ва бу муаммолардан билими, салоҳияти ва интилишлари билан енгиши лозимлиги барчага ибрат бўлгулик ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Ҳа, кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Инсон қадри улуғланаётган юртимизда бундай учрашувлар ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди, албатта.
Мулоқот ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукроналар айтиш – келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бунёдкорлик ишларига томошабин бўлиб эмас, камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига даҳлдорлик билан яшаш эса ёшларнинг бурчидир. Кўтаринки кайфиятда нуронийлар билан бўлган мулоқотлар ёшларга янада мотиватсия берди. Зеро, бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак Ватандирмиз!