[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.09.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Касаба сайр» шўъба корхонаси ташаббуси билан Қирғизистоннинг Иссиқкўл дам олиш масканига мамлакатимизнинг турли вилоятларидан юз нафарга яқин касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзоларининг саёҳати ташкил этилди. Икки давлат раҳбарларининг мазкур ҳудудда бўлиб ўтган 2022 йил 20 июлдаги тарихий учрашуви давомида сайёҳлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган келишувларининг амалдаги исботи ўлароқ, ушбу тадбир доирасида меҳмонлар ҳудуднинг энгсўлим гўшасида жойлашган «Аврора» санаторийсида мириқиб ҳордиқ чиқардилар.

– Бу каби тадбирлар йил бошидан бери бир неча марта ташкил этилди, – дейди «Касаба сайр» шўъба корхонаси туризм ташкилотчиси Нуриддин Бурхонов. – Унга юртимиздан шу кунга қадар уч юзга яқин сайёҳларни жалб этдик.

Қайд этиш лозимки, сайёҳлик дастури Иссиқкўл сувида чўмилиш, тоғларга саёҳат қилиш, теплоходда сайр, Григорий дарасига саёҳат, ўтовда дам олиш ва санаторийда даволаниш, овқатланиш ва ҳоказо хизматларни ўз ичига олади. Кўрсатилаётган хизматлар эса дам олувчиларга манзур бўлганини уларнинг сўзларидан билиш мумкин.

– Ёшим 83 да, – дейди бухоролик Саъдулло Абдуллоев. – Агрономликдан нафақага чиққанман. Иссиқкўлга келиш ҳақида анчадан бери ўйлаб юрган эдим. Ташкилотчилардан миннатдормиз.

– Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, – дейди Гулчеҳра Раззоқова. – Касбим тақозоси билан, тиғиз вақт менга анчадан бери дам олиш учун вақт қолдирмаётган эди. Бугун Федерация ташаббуси билан ташкил этилган саёҳат иштирокчилари сафида эканимдан, дам олиш имконияти тақдим этилганидан мамнун бўлдим.

– Мусаффо табиат, тоза ҳаводан мириқиб баҳра олдик, – дейди тадбир иштирокчиларидан яна бири Маърифат Ҳодиева. – Минг дардга даво саналган Иссиқкўлнинг илиқ сувида деярли ҳар куни чўмилиб, тиббий хизматлардан фойдаландик.

Мароқли ҳордиқ чиқарган иштирокчилар яхши кайфият билан ватанга қайтишди.

Дилдора Иброҳимова