04.10.2024. Бугун замонавий билимни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз, ўқитувчи ва мураббийларнинг бу улуғ хизматиларини юксак қадрлаймиз. Буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди — азиз Устозлар!
Шу муносабат билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида ҳамда меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан ташкил этилган “Устозлар касаба уюшмалари эъзозида!” мавзусидаги байрам тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарларининг мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим муассасаларидан педагог-ўқитувчилар ва тарбиячилар ҳамда туман касаба уюшмаси бўлинмаси кенгашлари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, фаоллар узоқ йиллар тизимда фаолият юритган устозлар, таълим фидойилари ва масъуллари иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.Бедилов очиб берди ва юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларда таълимнинг ўрни ва аҳамияти, соҳа вакилларига берилаётган имкониятлар тўғрисида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди ҳамда иштирокчиларни 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами билан табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Масъул ташкилотчиси Р.Абдурахмонов байрам муносабати билан тадбир иштирокчиларини табриклади.
Шундан сўнг, Республикадаги илғор ўқитувчилар ва мактабгача таълим тарбиячилари, мураббийлар ва техник ходимларнинг 40 нафари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мазкур тадбир давомида бир қатор Устоз ва мураббийлар уларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром ҳамда илиқ муносабатдан жуда миннатдор эканликлари, бундай кўтаринки кайфият уларни яна ҳам шижоат билан ишлашга ундаши, ёш авлодга таълим беришда қўшимча куч-қувват бағишлашини эътироф этиб ўтдилар.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши