17.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институтида “Касаба уюшмалари тизимида ёшлар сиёсатини амалга оширишда ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчилари фаолияти самарадорлигини ошириш” мавзусида малака ошириш курслари бошланди.
Ўқув курсини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиев кириш сўзи билан очиб берди. Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тўғрисида сўз юритди. Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинаётгани, ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилгани қайд этилди. Шунингдек, БМТ томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистон экани таъкидланди.
Бундан ташқари, ёшлар сиёсатини амалга ошириш йўлида белгиланган вазифалар Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган Жамоа шартномаларида ўз ифодасини топиб келаётгани, Жамоа келишувлари ва шартномаларига, “Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилиб, ёш меҳнаткашлар учун аниқ ва кафолатли имтиёзлар бериб келинаётгани ёшлар учун катта имкониятлар тақдим этаётганига урғу берилди.
Янги Меҳнат кодексига мослаштирилган Жамоа шартномалари ва келишувлари ҳамда Касаба уюшмалари ташкилотларида комплекс интеграллашган ахборот тизими (KIAT)ни жорий этиш каби мавзуларда тингловчиларга бир қатор маълумотлар берилди.
Интерактив усуллар ва креатив дебатлар асосида ўтган жараёнларда тингловчилар ҳам фаол қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Ўқув курси 21 декабрга қадар давом этади.
– Ҳаёт шиддат билан ривожланар экан барчамиздан изланишни, интилишни талаб этаверади, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Сарвар Исҳоқов. – Зеро, бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаси қатори касаба уюмаларида ҳам янги давр бошланди. Бу давр фидойилик ва самарали меҳнат қилиш орқали ишчи-ходимларнинг касбий, меҳнатга оид ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни ҳаётдан рози қилишни талаб этмоқда.
Шу боис, касаба уюшма тизимида ҳам соҳа ходимларини доимий равишда ўқитиб бориш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Малака ошириш курсида Республика тармоқ касаба уюшмалари ва ҳудуий Кенгашлар раисларининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этмоқда.
Гулноза Бобоева
ЎзА