19.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, иш берувчилар вакиллари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари билан бевосита очиқ мулоқот ва жамоатчилик эшитуви шаклида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуидаги Давра суҳбати ўтказилди.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Савдо-саноат палатаси, Иш берувчилар Конфедерацияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, шунингдек, онлайн тарзда ҳудудлардаги мутасаддилар иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидлаганидек, Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлганидек, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат муносабатлари соҳаларида ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар ва туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси асосида қонуности ҳужжатларини мазкур кодексга мослаш мақсадида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайтадан кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар билан қабул қилинди, айрим нормалар бўйича янги ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, 2024 йилнинг ўзида Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та Конвенцияси ратификация қилинди. Жамоа келишувларини хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш, Алоҳида ҳоллар учун ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, Ижодий таътиллар бериш тартиби тўғрисидаги Низомлар, Алоҳида хусусиятга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйхати, Масофадан туриб ишловчи ходим билан ёзма меҳнат шартномасининг намунавий шакли, Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган давомийлиги, Ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги ёзма меҳнат шартномасининг намунавий шакли, Уй ишчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасининг намунавий шакли каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.
Маълумки, сўнгги 7-8 йил давомида муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, мазкур йўналишда мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия ишида фаол иштирок этиб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Бош жамоа келишуви амал қилмоқда. Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий жамоа келишуви, тармоқларда республика миқёсида 103 та тармоқ жамоа келишуви, бевосита корхона ва ташкилотларда 118 мингта жамоа шартномаси қабул қилинган бўлиб, улар орқали меҳнаткашлар манфаатлари ҳимоя қилиб келинмоқда. Хусусан, қатор тармоқларда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланган. Жумладан, республика бўйича 24 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотда Жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 1 млн. нафардан ортиқ ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилди.
Тузилган жамоа шартномаларининг барчасида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишдан аввал албатта касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби киритилган. Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Натижада ҳар йили 2,5 млн. нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 3,5 млн. нафардан ортиқ ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.
2024 йилда касаба уюшмалари инспекциялари томонидан 4 минг 397 та ташкилотда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда келиб тушган 6 минг 105 та мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 106 минг 19 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 108 млрд. 533 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди. Шунингдек, Касаба уюшмалари инспекторлари судларда ва меҳнат низоларини кўриб чиқувчи бошқа органларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 1 минг 292 марта вакил сифатида иштирок этдилар.
Касаба уюшма фаоллари 2024 йилнинг 9 ойи давомида жами 10 минг 385 та корхона ва ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик мониторингини амалга оширдилар. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан 10 минг 81 та корхона, ташкилот ва муассасада қарийб 1 млн. 73 минг нафар ходимга тўланаётган иш ҳақи уларнинг малака даражасига мувофиқлиги бўйича мониторинглар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида 4 та ҳолатда 4 нафар ходимга иш ҳақи уларнинг малака даражасига мувофиқ тўланмаганлиги аниқланиб, улар фойдасига 12 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилишига эришилди. Ҳомилодорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш ҳамда ҳомиладор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган жамоатчилик назорати натижасида соғлиқни сақлаш тармоғида меҳнат қилаётган 6 нафар ходимга нисбатан қонун талаблари бузилганлиги аниқланиб, уларнинг ҳуқуқлари тикланди.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дастури доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида 216 минг 18 нафар фуқаро ва 81 минг 272 та оилага 252,5 млрд. сўмдан ортиқ ижтимоий кўмак кўрсатилди.
Давра суҳбатида таъкидлангинидек, меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммоларнинг охирги йилларда ўз ечимини топгани Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Масалан, авваллари иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, банклардан иш ҳақи учун нақд пул олиш, пластик карточка ва нақд пулдаги истеъмол нархлари орасидаги фарқ, ишларнинг технологик турлари бўйича ва туман коэффициентларини ўрнатиш, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш борасида муаммолар мавжуд бўлиб, ҳал қилинмай келинар эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилган улкан ўзгариш ва ислоҳотлар натижасида ушбу маммоларга бартараф этилди ва меҳнаткашлар манфаатлари самарали ҳимоя қилиб келинмоқда.
Касаба уюшмалари мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида меҳнаткашларнинг таклифлари асосида жойларда ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасида юзага келаётган саволларни ҳамкор ташкилотлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари иштирокида муҳокама этиши натижасида 100 дан ортиқ масалаларнинг ҳал этилишига эришилди. Ҳудудларда ўтказилган ана шундай очиқ мулоқотларда меҳнаткашлар томонидан ўртага ташланган, аммо Республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуидаги Давра суҳбатида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди ва уларни ҳал этиш юзасидан муҳокамалар ўтказилди. Янги тахрирдаги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларга бериладиган кафолатлар ҳамда жойларда кўтарилган қатор бошқа масалалар шулар жумласидандир.
Давра суҳбатида Касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, тадбиркорлик ҳамда ҳунармандлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун имтиёзли кредит олиш, ходимларга меҳнат таътили кунларини ва тўланадиган ҳақни тўғри ҳисоблаш, иш хусусияти смена ёки навбатчилик билан боғлиқ бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.
Жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилган Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани муносабати билан меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган қатор ижобий ўзгаришлар тўғрисида ахборот берилди. Бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, бандлик ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилган қулайликлар, ишлаётган ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилди. Меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида қарздорликка йўл қўймаслик чораларини кўриш каби масалаларга эътиборни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва касаба уюшмаларининг ҳамкорлигида ҳал этиш борасида ташкилий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга мувофиқ эканлиги хусусида келишиб олинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари