25.12.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг 17-йиғилиши ва Кенгашнинг VI Мажлиси бўлиб ўтди. Унда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши аппарати ходимлари, Кенгаш ҳамда Ижроия қўмита аъзолари иштирок этди. Йиғилишни Республика кенгаши раиси Алимджанова Нигора Адхамовна олиб борди ва 2024 йилда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда тармоқ тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилди.
Маълумотларга кўра, Республика кенгаши ва тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали пенсионерларни, хотин-қизларни ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга, аҳоли учун кафолатланган ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган ва ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, 1102 нафар пенсия ёшидаги ходимлар пенсияга чиқишдан олдин ва 921 нафар ходим юбилей саналари муносабати билан моддий ёки қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган. Ишламайдиган пенсионерлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож бўлган собиқ ходимлардан 3031 нафарига, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 912 нафар ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилган.
Ходимларнинг 4308 нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш ҳаражатлари қисман қоплаб берилган. Шунингдек, 2 мингга яқин кам таъминланган оилаларга ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларга моддий ёрдам кўрсатилган.
Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 393 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартномаси пуллари қисман тўлаб берилган.
Халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида “Бир мурожаат – натижа” тамойили асосида ходимлардан бўлган мурожаатларни ўрганиш ва тезкор кўриб чиқиш ишлари самарали ташкил этилмоқда.
Шу жумладан, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра Республика кенгашининг аралашуви билан ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилиши кутилган ходимларни бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Меҳнат муҳофазаси йўналишида ҳам 2024 йил давомида 24 та корхона ва ташкилотда ўрганишлар жараёнида аниқланган 50 га яқин камчиликлардан 42 таси бартараф этилишига эришилган ҳамда 8 та камчилик юзасидан иш берувчиларга тавсиявий тушунтиришлар берилган.
Жумладан, корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш, ходимлар учун хавфсиз иш ўринларини яратиш, жамоатчи вакиллар томонидан олиб борилаётган профилактик 3 босқичли назорат ҳолати, жамоа шартномаларидаги меҳнатни муҳофаза қилишга йўналтирилган бандларнинг бажарилиши, саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ва бошқа йўналишларда олиб борилаётган ишлар ўрганилган.
Шунингдек, ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳамда жойларда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича шаҳодатдан ўтказилиши ҳолатлари бўйича ўрганишлар ўтказилиб, ўрганишлар натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилган.
Республика кенгаши томонидан ёшларни маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари орқали қамраб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик ёшлар дастури”га асосан “Раҳбар ва ёш ходимлар” учрашувлари, “Кимёвий таҳлил лаборанти” кўрик-танлови, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ва “Экотуризм” саёҳат дастурлари ташкил этилган ҳамда спорт мусобақалари ўтказилган.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан “Кимё саноати ёш мутахассислари” илмий-интеллектуал форуми ўтказилди. Ушбу форум тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилиб келаётган 200 нафар ёшларни ўзида бирлаштирди.
“15 февраль – Саратон касаллигига чалинган болалар куни” муносабати билан “Мен донорман” акциясида тармоқ тизимидаги корхоналарда ишлаётган ёшлар фаол иштирок этдилар.
Республика кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги олийгоҳларда аъло баҳоларга ўқиётган ва ёшлар билан ишлаш комиссияси фаоли бўлган талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлаш мақсадида “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши стипендияси” кўрик-танлови таъсис этилди ва биринчи мартда “30 июнь – Ёшлар куни” муносабати билан ўтказилган.
Республика кенгаши томонидан тизимдаги корхоналарда меҳнат қилаётган касаба уюшмаси аъзоларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш оилалар фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш ва спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан “Биз соғлом ёш оиламиз” шиори остида Республика даражасида оилавий спорт мусобақаси ташкил этилган.
Мустақиллик байрами муносабати билан тармоқ тизимидаги соҳаларда кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса авлод вакиллари, “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари, “Саҳоват” уйларида яшаётганлар, “Ижтимоий ҳимоя реестри” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда бошқа кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш, ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш ишларига эътибор қаратилди.
Йиғилишда Кенгаш аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ва соҳани ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирдилар.
Мажлисда “Тармоқ касаба уюшма ташкилотининг IV Қурултойини чақириш тўғрисида”ги ва “Республика кенгаши ва Ижроия қўмитаси таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилиб Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди ва 2025 йилдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси