06.01.2025. Жойларда Янги йил байрами тадбирлари қизғин кечмоқда. Жиззах вилояти педагогик маҳорат маркази бошланғичкасаба уюшма қўмитаси ҳамда вилоят Директорлар кенгаши ташаббуси билан Янги йил байрами арафасида энг олис ҳудуддаги мактаб ўқувчилари учун байрам тадбири ташкил этилиб, иштирокчиларга совғалар топширилди.
Бу хайрли ташаббус педагогик маҳорат маркази жамоасининг корпоратив байрам тадбиридан воз кечиб, унинг ўрнига олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари жамоаси билан яқиндан мулоқот қилиш, таълим ва ўқув жараёни билан танишиш мақсадида ташкил этилди.
Илк тадбир Фориш туманидаги 50-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳамда маҳаллада янги ташкил этилган оилавий мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари иштирокида ўтказилди.
– Очиғи, бундай ташрифни ҳечам кутмаган эдик, – дейди мактаб директори Дилшода Суюнова. – Жиззах вилояти педагогик маҳорат маркази жамоаси мактабимизга ташриф буюриб, ўқитувчиларга елкадош, ҳамкор эканини яна бир бор намойиш этди. Фақат ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларга эмас, балки барчага бирдек совға улашилганидан болалар жуда хурсанд бўлишди.
Дарбоза маҳалласида жойлашган мазкур мактаб туман марказидан 270 километр узоқликда жойлашган. Мактаб 80 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бугун унда 59 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Педагогик маҳорат маркази ходимлари мактабдаги таълим, спорт ва бошқа қўшимча тўгараклар фаолияти билан танишдилар. Бошқа вилоятлардан келган ўқитувчилар билан шарт-шароитлар хусусида суҳбатлашдилар. Сўнгра ҳар бир синфдаги ўқувчиларга ширинликлардан иборат совғалар тарқатилди. Шунингдек, «Олис ҳудуд» дастури бўйича республиканинг турли ҳудудларидан келиб, шартнома асосида ишлаётган 7 нафар ўқитувчига эсдалик совғалари берилди.
– Бу мактабга бориб-келиш учун бир кун вақт кетди, жуда узоқ йўл босдик, – дейди Жиззах вилояти педагогик маҳорат маркази бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Достон Норбеков. – Аммо ўқувчилар ва тарбияланувчилар юзидаги қувончни кўриб, чарчоқларимиз тарқаб кетди. Шуниси муҳим, шуниси қувончли!
Муқимбой Исмоилов