[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

09.01.2025. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан охирги йилларда мамлакатни демократлаштириш, инсон қадрини улуғлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда бирдек ижобий ўзгариш ва янгиланишлар, саломоқли ютуқларга эришилмоқда. Айиқса, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги такомиллашув жараёнлари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ишларини янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин фаолият кўрсатиши, ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани, Ўзбекистон томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 24 та Конвенцияси ва  1  та протоколи ратификация қилинганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бу каби ижобий ўзгаришлар нафақат Республика миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар ва халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бунинг натижасида халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистон ўзининг ижобий имижи ҳамда мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг июль ойида мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жильбер Унгбони қабул қилди. Мазкур қабул давомида Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жильбер Унгбо ўз ташрифини Ўзбекистон раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ифодаси деб атади.

Давлатимиз раҳбарининг бу каби саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган тизимли тадбирлар халқаро даражада юксак баҳоланиб, халқаро даражадаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида мислсиз натижаларга эришилмоқда. Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дунёдаги энг йирик касаба уюшмалари бирлашмаси бўлган Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК)нинг тўлақонли аъзолигига қабул қилингани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) дунёнинг 180 га яқин мамлакатидаги касаба уюшма ташкилотларини қамраб олган, 200 миллиондан ортиқ аъзони бирлаштирган энг йирик Халқаро касаба уюшмалари бирлашмаси ҳисобланади.

2024 йил 28-30 октябрь кунлари мамлакатимизда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг миссияси бўлиб ўтди, унга ушбу Конфедерациянинг бош котиби Люк Триангл бошчилик қилди. Меҳмонлар Янги Ўзбекистонда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ олиб борилаётган ишларни юқори баҳоладилар. Улар бу каби натижалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши учун муҳим шарт эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига ҳақиқий аъзо сифатида қабул қилингани том маънода Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Мазкур нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорлик меҳнаткашлар манфаатлари йўлидаги фаолиятнинг янада такомиллашувида муҳим аҳамият касб этади.

Аъзолик Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси учун халқаро миқёсдаги имкониятларни кенгайтирибгина қолмай, мамлакатимизнинг халқаро даражадаги имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари