[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.01.2025. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Аёллар дафтари” орқали кўплаб хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилиб, мушкули осон бўлиб бормоқда.

Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам ўтган йиллар давомида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатилган ёрдам сабаб уларнинг бири тадбиркор, бири иш берувчи, яна бирининг эса доимий бандлиги таъминланди.

Узоққа бормайлик, “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи доирасида 800 мингдан ортиқ 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар ўртасида анкета-сўровномалар асосида хатлов ишлари амалга оширилди. Ўрганишлар натижасига кўра 109 минг 506 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди. Уларнинг ҳеч бирининг муаммоси, дарди қоғозларда қолиб кетмади. Уларнинг барчасига тоифаси бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бунинг учун Республика ва маҳаллий бюджети ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 69,5 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Ушбу эзгу ташаббуснинг давоми сифатида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи бошлангани ҳеч бир хотин-қиз эътибордан четда эмаслигини кўрсатди.

Фарғона вилоятида 1 минг 63 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, айни пайтда “Маҳалла еттилиги” секторлар ишчи гуруҳлари билан биргаликда анкета-сўровнома асосида хотин-қизларнинг барча йўналишдаги муаммолари уйма-уй юриш орқали ўрганиб чиқилмоқда.

Хусусан, “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи Бувайда туманида ҳам белгиланган тартиб асосида олиб борилмоқда. Хатлов ишлари давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар эътибордан четда қолмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Маҳалламизда истиқомат қилаётган 3 минг 510 нафар аҳолидан 1 минг 776 нафари аёллар. Уларнинг 652 нафари 30 ёшдан ошган хотин-қизлардир, — дейди Бувайда тумани “Янги ҳаёт” МФЙ хотин-қизлар фаоли Садоқат Бойматова. — Ҳозирда ҳар бир хонадонга кириб, хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказиш орқали уларни қийнаётган муаммоларни анкета-сўровномасига қайд этаяпмиз. Мақсадимиз уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш ва кўмаклашишдан иборатдир. Мана ўтган йили 5-босқич доирасида 105 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган эди. Уларнинг барчасига тоифалар бўйича зарур кўмак кўрсатилиши натижасида муаммоларига ечим топилди.

Шу туманнинг “Янги ҳаёт” МФЙ яшовчи Умидахон Раҳмонова ҳам ишсизлиги боис “Аёллар дафтари”га олинган эди. У касб-ҳунар эгаллашни афзал билди. Моно марказда тикувчиликни ўрганди. Кўп ўтмай бинойидек тикувчига айланди. Унга субсидия асосида тикув машинаси берилди. Ўрганган ҳунари асосида уйида тикувчиликни бошлаб, кам бўлаётгани йўқ.

Шу маҳаллада яшовчи Гавҳар Мамажонованинг ҳам бошидан кўп синовлар ўтди. Вояга етган ўғли ишлаб пул топаман, деганда автоҳалокатга учраб, соғлигидан айрилди. Она эса уни ташлаб бирор жойга бориб ишлай олмади. Ўрганиш ишлари давомида у ҳам “Аёллар дафтари”га киритилди. Гавҳар опа ўрганишга келган ишчи гуруҳга уйида қандолатчилик йўналишида тадбиркорлик қилиш истаги борлигини айтди. Шу асосида унга кредит ажратилди. Яхши ниятда бошланган иш тезда юришиб кетди. Дастлаб ўзи, буюртмалар сони кўпайгач эса қўшниларини ёрдамчиликка олди. Мана ҳозир у билан 10 нафар қўшни аёллар меҳнат қилмоқда.

— Шукур, қийин кунлар ортда қолди. “Аёллар дафтари” орқали елкамга офтоб тегди. Кўрсатилган кўмак сабаб ишларим юришиб кетди. Кўз тегмасин, маҳсулотларимни бозори чаққон. Ҳозир  Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятларигача маҳсулот етказиб беряпман, — дейди Гавҳар Мамажонова.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бошланган ушбу хайрли ва эзгу ташаббус қийналган аёлларга мадад бўлиб, орзуларини рўёбга чиқаришга имкон бермоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши