21.01.2025. Бу йил касаба уюшмаларида сарҳисоб йили. Бунда ўтган беш йиллик фаолиятга баҳо берилади. Ўтган давр мобайнида касаба уюшма қўмитаси томонидан қандай ишлар амалга оширилди, аъзолар манфаати қай даражада ҳимоя қилинди? Буларни барчаси ҳисобот даврида маълум бўлади.
Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши тасарруфида бирлашган ташкилотлар етакчилари иштирокида ҳисобот-сайловларни ўтказиш бўйича ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда ҳисобот-сайлов конференсиясини олиб бориш, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси ва таркибини сайлаш, вилоят Конференсиясига делегатларни ҳамда тафтиш комиссияси раиси таркибини сайлашгача бўлган жараёнлар амалий тарзда кўрсатиб ўтилди.
— Дарҳақиқат, бу йил синов йили. Чунки ўтган беш йиллик фаолиятга баҳо берилади, — дейди Қува туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси касаба уюшма қўмитаси раиси Нодирахон Тошпўлатова. — Ўқув амалий семинарда ҳисобот-сайловларни ўтказиш жараёнлари батафсил тушунтириб берилди. Таъкидланганидек, бу сафарги ҳисобот-сайлови аввалгиларидан фарқ қилади. Семинарда бу жиҳатларга алоҳида урғу берилди. Ўқув семинар давомида бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлдик.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, Кенгаш раисининг ўринбосари Аброржон Отабоев ва Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Зоҳиджон Қодиров семинар иштирокчилари томонидан ҳисобот-сайловларни ўтказиш бўйича берилган саволларига жавоб қайтардилар.
Семинарда Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши масъул ходими Дилдора Ҳашимова иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши