03.02.2025. Китоб туганмас хазинадир. Инсоннинг китобдан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётир. Зеро адабиёт, айниқса бадиий асар аввало инсонга тарбия воситаси сифатида таъсир этади, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади.
Бугунги тезкор ва замонавий шароитда салоҳияти юксак интеллектуал кадрларни тайёрлашда ёшларнинг китобга муносабатини янада яхшилаш, кутубхоналар фондини энг янги бадиий, илмий, соҳага доир, шу жумладан давлат тилидаги китоблар билан мунтазам равишда бойитиб бориш долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаб уюшмаси Фарғона вилоят Кенгаши ҳам китобхонликни тарғиб этиш, меҳнат жамоаларида китоб мутолаасини шакллантириш, шу орқали юксак маънавиятли кадрларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратади.
Кенгаш томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Яқиндагина замонавий қиёфа касб этиб, фойдаланишга топширилган Аҳмад Фарғоний номидаги Ахборот-кутубхона марказига тизимдаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирокида саёхат ташкил этилди.
Унда кутубхона фаолияти, олиб борилган улкан ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, китоб фонди билан яқиндан танишилди. Шу куни тадбир иштирокчиси бўлган 100 нафар касаба уюшмаси фаоллари кутубхонага аъзо бўлдилар. Уларга 3 йил давомида мазкур кутубхонадан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи аъзолик гувоҳномалари (ИД карта) топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши