17.02.2025. Тошкентдаги ISFT (International School of Finance Technology and Science) институти, Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Ўзбеклигим — ўзлигим” ННТ ҳамкорлигида “Миллатимизнинг буюк мутафаккирлари замондошларимиз ардоғида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир ўзбек адабиёти ва тарихига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий меросига бағишланди.
Тадбирдан кўзланган мақсад А. Навоий ва З. М. Бобурнинг ижодий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг фалсафий қарашлари ва ижтимоий-сиёсий ғояларини ҳозирги давр нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, шунингдек, ёш тадқиқотчилар ўртасида ушбу масалалар бўйича фикр алмашишни рағбатлантиришдан иборат.
Давра суҳбатида таниқли олимлар, адабиётшунослар, тарихчилар, ижтимоий фанлар мутахассислари, докторантлар, магистрантлар ва талабалар иштирок этдилар.
ISFT институти талабалари томонидан “Бобур ва бугун” саҳна кўриниши тақдим этилди. Ғазалхонлик, ўзбек миллий либослари намойиши ташкил этилди ҳамда А. Навоий ва З. М. Бобур кунига бағишланган видеороликлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.
Буюк аждодлар меросининг бугунги кундаги долзарблиги ва унинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни ҳақида фикрлар билдирилди.