21.02.2025. Маълумки, 2025 йилда бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланади.
Сана муносабати билан Республикамиз ҳудудларида, меҳнат жамоаларида турли конференция ва семинарлар, давра суҳбатлари, маданий-маърифий, маънавий-интеллектуал тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Худди шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида бўлиб ўтди.
Тадбирда Федерациянинг Сирдарё вилоят Кенгаши мутасаддилари ва ходимлари, вилоятдаги касаба уюшма фаоллари, зиёлилар, фахрийлар ҳамда Ижод мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этдилар.
Дастлаб Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Сўнгра тадбир иштирокчилари шоира ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи музей билан танишдилар.
Анжуманлар залида бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов мамлакат касаба уюшмалари томонидан бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, саломатликларини мустаҳкамлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар, касаба уюшмалари тарихи хусусида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижодининг маънавиятимизни юксалтиришдаги аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Ижод мактаби ўқувчилари жадид боболаримиз ҳақида ўзлари билган маълумотларни йиғилганлар эътиборига ҳавола этдилар. Иштирокчиларга ўқув даргоҳида ташкил этилган дуторчилар, доирачилар, “Навбаҳор”рақс ансамблларининг чиқишлари намойиш этилди, шоиранинг шеърлари ўқилди, ижодкор шеърларига басталанган қўшиқлар ижро этилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ижод мактабининг иқтидорли ўқувчиларидан 20 нафари касаба уюшмаси томонидан Самарқанд шаҳрига саёҳатга юборилиши эълон қилинди. Шунингдек, мактабнинг фаол ўқитувчи ва ўқувчиларидан бир гуруҳи Касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Тадбир якунида Ижод мактаби директори, сенатор Покиза Аҳмеджонова касаба уюшмаси билан ҳамкорликда бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати