27.02.2025.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти делегацияси Америка оромгоҳлари Ассоциацияси (American Camp Association) президенти таклифига биноан Америка Қўшма Штатларида ташкил этилган “Оромгоҳ характерни шакллантиради” шиори остидаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда.
Қайд этиш ўринлики, Америка оромгоҳлари Ассоциацияси 1910 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШнинг оромгоҳ дастурлари хавфсизлиги ва сифати учун юқори стандартларни ишлаб чиқувчи ва оромгоҳларни аккредитациядан ўтказувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади. Ассоциациянинг бир асрдан зиёд фаолияти натижасида АҚШ оромгоҳлари дунёдаги энг яхши, хавфсиз, сифатли ва сўлим оромгоҳларга айлангани бежиз эмас. Мазкур ташкилот бугунги кунда АҚШдаги болалар, ўсмирлар, ёшлар, оилалар, мустақил таълим олувчилар учун мўлжалланган 3765 та турли оромгоҳларни бирлаштиради.
14 та давлатдан 2000 нафарга яқин делегат иштирок этаётган мазкур конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти директори Анваржон Абдумухторов иштирокчиларга Янги Ўзбекистонда ёш авлод вакиллари камолоти йўлида мамлакатимиз Президенти ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, болаларни соғломлаштириш борасидаги қатор лойиҳалар тўғрисида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, делегация вакиллари конференция доирасида ташкил этилган “Оромгоҳларда фойдаланиладиган замонавий жиҳозлар, техника ва технологиялар ярмаркаси” билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг дўстона ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ҳамда Америка оромгоҳлари Ассоциацияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик меморандумининг амалий ижроси сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вакиллари АҚШнинг Техас, Флорида ва Нью Йорк штатларидаги қатор болалар оромгоҳлари фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати