03.03.2025. Жомбой туманидаги “UZ TRUCK AND BUS MOTORS” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида “Касаба уюшмасига аъзо ташкилотлар учун меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда тармоқ касаба уюшмалари вилоят кенгашлари раислари, йирик бошланғич ташкилотлар раислари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда Касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил топганининг 120 йиллик тарихи, “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмаси”, кечаги кун билан бугунги куннинг қанчалик фарқли эканини фактлар асосида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг “UZ TRUCK AND BUS MOTORS” қўшма корхонаси директор ўринбосари Шерзод Ҳасанов корхонада амалга оширилаётган ишлар, ишчи-ходимлар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари хусусида тўхталди.
— Бу каби тадбирлар орқали нафақат иш берувчини хабардор қилиш, балки ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қилишга эришяпмиз, — дейди Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси Ориф Мизомов. — Қолаверса, семинар давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди, янги таклифлар билдирилди. Келгусида ҳар бир тармоқ касаба уюшмасининг фаолиятини ёритадиган “Энг яхши ижодкор” танловини, “Заковат” интеллектуал ўйинини ҳамда спорт мусобақасини ташкил этишга келишиб олдик.
Тадбир давомида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Шунингдек, корхонанинг бир гуруҳ ходимларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остидаги сайёҳатлар учун йўлланмалар топширилди.
Семинар иштирокчилари “UZ TRUCK AND BUS MOTORS” қўшма корхонасида ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.