05.03.2025. Ҳозирда тиббиёт бирлашмасида 4 минг 468 нафар ишчи-ходим меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Конференцияда белгиланган меъёрга мувофиқ бошланғич ташкилотлардан сайланган 50 нафар делегат иштирок этди.
Дастлаб, ишчи раёсат, котибият, таҳрир ҳамда саноқ комиссиялари сайлаб олинганидан сўнг кун тартибидаги масалалар муҳокама марказида бўлди.
Унга кўра, Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитасининг 2022 йил мартидан 2025 йил мартигача бўлган даврдаги фаолияти тингланди.
Таъкидланишича, ҳисобот даврида 363 нафар ишчи ҳамда уларнинг ота-оналари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли равишда соғлиғини тиклаган, 192 нафар ходим касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан Тошкент, Самарқанд, Хоразм вилоятларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатга юборилган, 471 нафар ходимга моддий ёрдам берилган, ишчи-ходимларнинг 212 нафар фарзанди ёзги мавсумда болалар оромгоҳларида дам олган. Бундан ташқари, иш берувчи ва касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун 861 млн 171 минг сўмга яқин маблағ сарфланган. Шунингдек, жамоа шартномалари орқали 15 та шаҳар тиббиёт муассасаларида ишлаётган ишчилар ва оила аъзоларининг 912 нафарига 182 млн 475 минг сўмлик касаба уюшма маблағлари ҳисобидан ижтимоий кўмак кўрсатилган.
Конференция делегатлари касаба уюшма қўмитасининг ўтган йиллардаги фаолиятини қониқарли деб топиб, касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлади.
Шундан сўнг конференцияда яширин овоз бериш йўли орқали муқобиллик асосида Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси этиб Химоятхон Собирова қайта сайланди.
Конференцияда, шунингдек, Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси таркиби, касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси таркиби, касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилоят кенгаши ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайланди.
Конференция ишида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилоят кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова иштирок этиб, ишчи-ходимларнинг ҳимояси борасида олиб борилган ишларни юқори баҳолади. Шунингдек, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар бўйича ўз таклифларини билдирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши