20.03.2025. Жорий йилнинг 20 март куни Олмазор тумани кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси ва бошланғич касаба уюшма қўмитасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши бўйича меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ҳамда ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди.
Умумий йиғилиш (конференция)да муассаса бош шифокори Азиз Каримбаевич, касаба уюшмаси қўмитаси раиси Дилбар Умарова, 25 нафар делегат, 40 нафар меҳнат жамоаси вакиллари ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Тошпулатова иштирок этдилар.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Олмазор тумани кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ҳамда шифохона касаба уюшмаси қўмитаси раисининг ҳисоботлари тингланди. Ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш жамоа шартномасида ўз аксини топган бўлиб, ундаги бандларнинг ижросига жиддий эътибор қаратилган.
2024 йил учун жамоа шартномаларига киритилган қўшимча имтиёзларнинг бажарилиши натижасида ҳар бир ходимга жамоа шартномаси бандлари ва меҳнат муҳофазаси учун ўртача сарфланган маблағ 7 млн 633 минг сўмни ташкил этди.
Муассасадаги ходимлардан 452 та мурожаат келиб тушган. Шундан 312 та мурожаат қаноатлантирилган, 140 та мурожаатга тушунтириш берилган.
Йиғилишда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди. Меҳнат жамоаси томонидан жамоа шартномасининг бажарилиши қониқарли деб баҳоланди.
Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича комиссия далолатномаси тасдиқланиб, жамоа шартномасига 2025 йил – “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” учун қўшимчалар киритиш юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Ҳисобот-сайлов йиғилишида касаба уюшма қўмитасининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳамда тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тингланди. Кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тасдиқланган Низомга асосан Олмазор тумани кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси яна 5 йил муддатга касаба уюшма қўмитаси раиси, аъзолари ва тафтиш комиссияси аъзолари ёпиқ овоз бериш йўли билан сайланди.
Йиғилишда иштирок этаётган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Тошпулатова мамлакатимизда илк касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Касаба уюшмалари тарихи, ўтган даврда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва касаба уюшмаларининг бугунги кунда олиб бораётган ишлари, соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳамда янгиликлар ҳақида маълумот берилди.