07.04.2025. Жорий йилнинг 3 апрель куни “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ҳисобот-сайлов конференцияси ҳамда «Қизилқумцемент» АЖ ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза этиш юзасидан 2023–2026 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши бўйича конференциялар бўлиб ўтди.
Конференцияга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вакили Бобоёров Маҳмуд Ҳамидович, Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юрисконсульти Нишанова Лола Қодировна, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари Исоқов Нормурод Исроилович, тармоқ касаба уюшмаси Навоий вилоят кенгаши раиси Юлдашева Наргиза Икромовна таклиф этилди.
Конференция ишида 37 нафар делегат фаол иштирок этди.
“Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятининг амалдаги жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши юзасидан томонларнинг ҳисоботлари тингланди. Делегатлар томонидан берилган таклифлар инобатга олиниб, жамоа шартномасига қўшимчалар киритилди. Берилган саволларга касаба уюшма қўмитаси раиси Маматов Илҳом Буриевич ва «Қизилқумцемент» АЖ бошқарув ва ижтимоий масалалар бўйича директори Юнусов Шуҳрат Закиржоновичлар томонидан тўлиқ жавоблар берилди.
Меҳнат қонунчилиги масалалари юзасидан Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юрисконсульти Нишанова Лола Қодировна конференция иштирокчиларига тўлиқ маълумот берди.
Кун тартибидаги масалалар тўлиқ кўриб чиқилиб, жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича конференция ўз ишини якунлади ва ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини бошлади.
“Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси уставига ва “Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги низом”га мувофиқ равишда ташкил этилди.
“Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти касаба уюшмаси қўмитасининг 2020 йил февралдан 2025 йил февралгача бўлган фаолияти якунларига баҳо берилиб, келгусида ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида устувор вазифалар белгилаб олинди.
Сайлов муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Сайлов натижаларига кўра, кўпчилик овоз билан “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси этиб Маматов Илҳом Буриевич такроран сайланди.