09.04.2025. Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби меҳнат муносабатлари, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда жамоат ташкилотлари, давлат идоралари ва иш берувчилар ўртасида самарали ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023–2025 йиллар учун Ҳудудий жамоа келишуви имзоланиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Жорий йил 8 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши мажлислар залида Тошкент вилояти ҳудудий жамоа келишувининг 2024 йилда бажарилиши бўйича “Уч томонлама комиссия” йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, шунингдек, вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий йўналишда фаолият юритувчи бир қатор давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида масъуллар томонидан Ҳудудий жамоа келишувида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалиётга тадбиқ этиш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берилди.
Шунингдек, амалиётда учраётган муаммо ва камчиликлар юзасидан фикр алмашилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.