[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

22.04.2025. Хоразм вилояти касаба уюшмалари уйида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши ҳамда Хоразм вилоят кенгашининг Хотин-қизлар комиссияси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари: Аёл қадрини улуғлашда янги имкониятлар” мавзусида давра суҳбати ва маънавий -маърифий тадбир ташкил қилинди.

Тадбирда хотин-қизлар комиссияси аъзолари, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчилари бўлган аёллар, депутатлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар кенгаши раиси Гўзал Тўхтаева, Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуротова, Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими масъул котиби Гавҳар Ибодуллаева ва бошқалар ўз сўзларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Касаба уюшмалари Федерацияси ва хотин-қизлар комиссияси ташаббуси билан иш жойларида аёллар учун хавфсиз ва саломатликка зарар келтирмайдиган меҳнат шароитларини яратиш, Гендер тенгликни таъминлаш, жамоа шартномалари орқали ишловчи аёлларни алоҳида қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётганлиги эътироф этилди.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида касаба уюшмаси аъзолари сони 405 минг нафардан ошган. Шундан 183 мингдан зиёди хотин-қизлардир. Ушбу хотин-қизларнинг 69 500 нафардан зиёди агросаноат, 64 мингга яқини таълим ва фан, 28 минг 500 дан зиёди соғлиқни сақлаш, 7500 дан зиёди давлат муассасалари, 3500 дан зиёди маданият соҳасида, 5000 дан зиёди тадбиркорлик йўналишда ва 5000 дан зиёди бошқа тармоқларда фаолият кўрсатади.

Касаба уюшмалари хизматига олинган корхона, ташкилот ва муассасаларда Жамоа шартномалари орқали опа-сингилларимиз қатор имтиёзларга эга бўлмоқдалар. Жумладан, ўтган беш йилда 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 2100 дан зиёд ёш оналарга 560 миллион сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилган.

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш ҳаражатларини қоплаш учун 15 мингдан зиёд оилага икки миллиард сўмдан зиёд моддий кўмак берилган.
Нодавлат мулк шаклидаги 1000 дан зиёд корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 1500 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши жорий этилган.
Давра суҳбатида 120 йиллик тарихга эга касаба уюшмалари бундан кейин ҳам замонавий жамиятнинг ажралмас қисми сифатида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида муҳим ишларни амалга оширишда давом этиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ фаол аёллар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши Фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Муҳаббат Тўрабоева